platina.uz

Жиззахда янги саноат зонаси ва қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди

Охирги беш йилда Жиззахга 4 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар кириб келган. Инвесорлар яна 6 млрд. доллардан зиёд маблағ киритишга тайёрлигини билдирди. 

Иқтисод
8 апрель, 21:03
Жиззахда янги саноат зонаси ва қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди

Охирги беш йилда Жиззах вилоятига 4 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар кириб келган. 50 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 861 миллион долларлик экспорт қилинган.

Бу йил вилоятда 2 миллиард долларлик 400 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда 11 мингта янги иш ўрни очилади.

Давлатимиз раҳбарига бу соҳадаги режалар тақдимот қилинди. Хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар 6 миллиард 100 миллион долларлик 50 та лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Лойиҳалар тоғ-кон, машинасозлик, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика каби талаб юқори соҳаларда. Муҳими, уларнинг натижасида қарийб 20 минг янги иш ўрни яратилади.

Ўзбекистон Президентининг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида саноат ва энергетика лойиҳаларининг бошланишига бағишланган маросим бўлди.

Маълумки, саноат ривожи барқарор энергетикага боғлиқ. Шу боис бу икки соҳа мутаносиб ривожлантирилмоқда. Биргина 2023 йилда мамлакатимизда 4 минг 600 та саноат корхоналари ишга туширилди. Саноат 6 фоизга ўсиб, 656 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 7 та йирик иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини тармоққа уланди. Бундан ташқари, 14 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобига 12 гигаваттли 31 та электр станцияси барпо этилмоқда. Бу йил Навоий, Бухоро, Наманган, Тошкент ва Қашқадарёда 2,6 гигаватт қувватлар тармоққа уланади. Умуман олганда, муқобил энергетикани ривожлантириш ҳисобига жорий йилда “яшил” энергиянинг генерациядаги улуши 30 фоизга етади.

– Биз бу ишларни халқимизга муносиб турмуш шароити ҳамда саноатимиз ривожи учун узлуксиз энергия таъминотини яратиш мақсадида амалга ошираяпмиз. Бу ҳамма ҳудудларда яхши анъанага айланиб улгурди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жиззах вилоятида ҳам бундай лойиҳалар кўп. Улардан бири – Ғаллаорол туманида барпо этиладиган, металлургияга ихтисослашган саноат зонаси. У ерда 500 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, арматура, пўлат шарлар, қувурлар, автомобиль кузови ва махсус техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳудудда божхона омбори ҳам бўлади. Жами 5 мингта иш ўрни яратилади.

Иккинчи лойиҳа – Фориш туманида Хитойнинг “China Poly Group” ва “China Electric” компаниялари билан ҳамкорликда қуриладиган қуёш электр станцияси. 350 миллион долларлик ушбу мажмуа 500 мегаватт қувватга эга бўлади. Унда йилига 1,1 миллиард киловатт соат “яшил” энергия ҳосил қилинади. Бу 450 минг хонадоннинг энергия таъминоти яхшиланади, дегани. Станциянинг дастлабки 200 мегаватт қувват шу йил якунида тармоққа уланади.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур икки мажмуа қурилишини бошлаб берди.

Яқин йилларда Шароф Рашидов, Фориш ва Ғаллаорол туманларида яна 1 минг 660 мегаваттли иссиқлик, шамол ва қуёш электр станциялари ҳам қурилади. Булар аҳоли турмуш даражасини ошириб, иқтисодиёт ривожига қўшимча туртки бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев “BMB Holding” компаниясининг Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги агрологистика мажмуасини бориб кўрди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экспортининг салоҳияти юқори. Бунда маҳсулотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишнинг барча босқичларини қамраб олган агрологистика марказлари жуда муҳим.

“BMB Holding” компаниясининг ўтган йил декабрда ишга тушган мажмуаси ҳам шулардан бири. Бу лойиҳанинг умумий қиймати 57 миллион доллардан зиёд. Мажмуада йилига 10 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳамда 8 минг тоннани бирламчи қайта ишлаш имкони мавжуд. 180 киши доимий иш билан таъминлаган.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини ва экспортга тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.

Логистика марказига мева-сабзавот маҳсулотлари Жиззах вилояти ва қўшни ҳудудлардан олиб келинади. Ўтган йили “BMB Holding” тизимидаги агрокластер томонидан 1 минг 200 дан ортиқ фермердан шартнома асосида 16 турдаги 52 минг тоннадан ортиқ ҳосил олинди.

Жорий йилда Сайхунобод тажрибаси асосида 2 минг 485 нафар аҳоли томорқалари билан кооперация асосида шартнома қилинади. Шунингдек, 4 мингга яқин фермер хўжалигининг 14 минг 500 гектар майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Бунинг натижасида кластер негизида қўшимча 32 мингтадан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилади.

Мажмуада фитосанитар ва санитар-эпидемиологик сертификатлаш лабораторияси, божхона ҳамда банк филиаллари, ҳостел ташкил этилган. Лаборатория Россия, Хитой, АҚШ ва Германия давлатларидан келтирилган 34 та энг замонавий ускуна билан жиҳозланган.

Карантин ходимлари шу ернинг ўзида маҳсулотларни кўрикдан ўтказади. Муҳими, улар томонидан расмийлаштирилган фитосанитар сертификат 119 та давлат томонидан тан олинади.

Бу каби имкониятларнинг мавжудлиги корхонанинг экспорт салоҳияти ва географиясини оширмоқда. Бугунгача Қозоғистон, Покистон, Россия Федерацияси ва Хитойга қарийб 43 миллион долларлик маҳсулот юборилди. Жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажмини 58 миллион долларга чиқариш режа қилинган.

Президентимиз бундай агрологистика марказларини бошқа ҳудудларда ҳам кўпроқ ташкил этиб, уларга муайян далаларни ва маҳаллаларни бириктириш зарурлигини таъкидлади. Бу тадбиркор учун етарли маҳсулот, аҳоли учун кафолатли харид имкониятини беради.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, 2017 йилда ташкил топган компания таркибида бугун 4 та қўшма ва 26 та шўъба корхона мавжуд. Иқтисодиётнинг турли жабҳаларида қарийб 1 миллиард 500 миллион долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги BMB Opera Zafferano қўшма корхонаси томонидан 400 гектарлик заъфарон плантацияси яратилди. Етиштирилган маҳсулотлар USDA ORGANIC сертификатига эга бўлиб, Италия, Австрия, Голландия, Франция, Жанубий Корея, Саудия Арабистони каби давлатларга экспорт қилинмоқда. АҚШ бозорига кириш учун ҳам FDA рухсатномаси берилган.

Келгуси уч йилда бу лойиҳанинг қиймати 80 миллион еврога етказилиб, заъфарон етиштириш ҳажми 1,8 тоннадан 20 тоннага оширилади. Давлатимиз раҳбари бу режаларни маъқуллаб, заъфарон майдонлари ва экспортини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+