platina.uz

Тошкентда бир фестивал фаолияти тўхтатилди

Маданият вазирлиги бу ҳолатга изоҳ бериб, ташкилотчилар тадбирни ўтказиш учун рухсат олмаганини билдирди.

Маданият
5 апрель, 16:13
Тошкентда бир фестивал фаолияти тўхтатилди

Тошкент шаҳрида 2 апрелдан 8 апрелга қадар ўтказилиши режалаштирилган Artdocfest Asia фестивали доирасидаги "Шарқий фронт" филми намойиши тўхтатилди, фестивал раҳбарияти Маданият вазирлиги бу ҳақда кўрсатма берганини билдирди.

"Ҳозиргина Тошкентда Artdocfest Asia фестивали доирасида "Шарқий фронт" (Украинадаги уруш ҳақидаги ҳужжатли филм – таҳр.) филмимиз намойиши тўхтатилди. Фестивал дастурининг кейинги барча намойишлари ҳам тақиқланди. Бу Ўзбекистон маданият вазирлиги кўрсатмаси асосида амалга оширилди. Бу ҳолат 139 Documentary Center`нинг 4 йиллик фаолияти давомидаги биринчи воқеадир. Салом "Рус дунёси!", деб ёзилган постда.

Маданият вазирлиги берган муносабатга кўра, фестивал ташкилотчилари қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатнома олмаганлар.

2021 йил 14 июлда қабул қилинган "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонуннинг 1-иловасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида филмни оммавий намойиш этиш рухсатнома олиш талаб қилинадиган фаолият тури ҳисобланади.

Мазкур қонун, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасинннг 2022 йил 22 февралдаги "Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 86-сонли қарорига асосан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги филмни оммавий намойиш этиш учун бир марталик рухсатнома беришга ваколатли орган этиб белгиланган.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий филмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар томонидан Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади, агентлик ушбу мурожаатни 10 иш кунида кўриб чиқади.

Бундан ташқари, юқоридаги ҳужжатларда Ўзбекистон ҳудудида оммавий тадбирларни ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан рухсатнома олиши шарт экани белгилангани айтилган.

«Бироқ 2-8 апрел кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган Artdocfest Asia фестивали деб номланган оммавий тадбирни ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон қонунчилигида белгилангани тартибда рухсатнома олишмаган", деб ҳолатни изоҳлаган вазирлик.

Қайд этилишича, ташкилотчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай, оммавий тадбир ва филмлар намойишини ташкил этиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган.

Шунингдек, вазирлик оммавий тадбирлар, жумладан, фестиваллар ва уларда филмлар намойишини тўхтатиш Маданият вазирлигининг ваколатига кирмаслигини билдирган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+