platina.uz

Қизилтепа ҳокими ўринбосари жарима билан қутулиб қолди

Ўлмас Истамовга нисбатан айнан қанча миқдорда жарима қўлланилгани айтилмаган.

Жамият
5 апрель, 16:46
Қизилтепа ҳокими ўринбосари жарима билан қутулиб қолди

Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар ва ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўлмас Истамов қўлостидаги ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун жаримага тортилди.

Бу ҳақда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия маълум қилди. Ўрганишда Истамов Open Budget дастури доирасида ташкилот раҳбарларининг хизмат вазифаларига кирмайдиган ташаббусли бюджет лойиҳасига овоз йиғишга мажбуран жалб қилгани аниқланган.

Бош прокуратура ва Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатларини аниқлаган. Мансабдор шахсга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинланган.

Айнан қанча миқдорда жарима тайинлангани очиқланмаган. Қонунчиликда бу ҳолатга 17 млн. сўмдан 34 млн. сўмгача жарима назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўлмас Истамов ташкилот раҳбарларини битта ташаббусга овоз тўплашга мажбурлагани акс этган аудио тарқалган эди. У мазкур топшириқни туман ҳокими берганини айтиб, “план”ни бажармаганларни ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилган ва ташкилот раҳбарларини ноинсофлар, дея ҳақоратлаганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+