platina.uz

Учта туман ҳокими ўринбосарлари ишдан олинди, олти вилоят ҳокими ўринбосарига "ҳайфсан" берилди

Барча экология бошқармалари бошлиқларига эса синов муддати тайинланди. 

Жамият
29 март, 10:10
Учта туман ҳокими ўринбосарлари ишдан олинди,  олти вилоят ҳокими ўринбосарига "ҳайфсан" берилди

Учта туманда ҳоким ўринбосарлари ишдан олинди, олтита вилоят раҳбари ўринбосарларига эса "ҳайфсан" берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлат раҳбари вилоят ва туман ҳокимларининг қурилиш, коммунал ва экологияга жавобгар ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар тизимидаги масъул раҳбарларнинг бу борадаги фаолияти кўриб чиқилгани, улардан 30 нафарига нисбатан интизомий жазо кўрилганини қайд этди.

Жумладан, Касби, Қарши, Тўрақўрғон туманлари ҳоким ўринбосарлари ишдан олинди, ушбу туманлар ҳокимларининг, 6 та вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва бошқа раҳбарларга “ҳайфсан” берилди. Барча экология бошқармалари бошлиқларига синов муддати тайинланди.

Бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш белгиланган.

Лекин, аксарият вилоят ва туманларда дарахт экадиган жойлар ҳалигача белгиланмагани, суғориш ва кўчатга пул ажратилмагани танқид қилинди.

Масалан, боғ учун Қорақалпоғистонда 47 гектар, Наманганда 25 гектар ва Қашқадарёда 26 гектар ажратилиб, ишлар бошлаб юборилган. Лекин Андижон, Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳалигача қарор қабул қилмаган.

Айниқса, Тахиатош, Мирзачўл, Зафаробод, Шароф Рашидов, Сирдарё, Оқолтин, Ховос, Сардоба, Гулистон, Хонобод, Гулистон, Термиз, Янгийўл шаҳарлари, Тошкент шаҳрининг 12 та туманида кўчат экиш режаси 30 фоизга ҳам бажарилмаган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+