platina.uz

Париж Олимпиадаси ИШИДнинг навбатдаги нишони бўлиши мумкин – The New York Times

Франция ҳозирда террорчилик ҳужумлари хавфининг энг юқори даражасини эълон қилган.  

Жаҳон
25 март, 16:21
Париж Олимпиадаси ИШИДнинг навбатдаги нишони бўлиши мумкин – The New York Times

Яқин Шарқда, умуман дунёнинг турли чеккаларида авж олаётган қуролли тўқнашувлар турли террорчилик гуруҳларини ҳам фаоллаштириб юборди. Туркия, Афғонистон, Эрон ва айрим Европа давлатларида ташкил этилган терактлар кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритди, сиёсий-ижтимоий мувозанатга, иқтисодий вазият ҳамда соғлом халқаро алоқаларга жиддий путур етказди.

Албатта террорчиликка қарши кураш бўйича мутасадди идоралар бундай террорчилик ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларини кучайтиришмоқда. Мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда уларни олдиндан прогноз қилиш борасидаги аниқлик ҳам йил сайин яхшиланиб бормоқда. Бироқ разведка хизматлари тақдим этаётган бундай прогнозларга ҳар доим ҳам муносиб реакция билдирилмайди.

Жумладан, 2022 йилда Россия Украинага бостириб киришидан аввал АҚШ ҳамда Ғарб разведкалари бу босқин эҳтимоли деярли 100 фоизга яқинлашгани ҳақида бонг урган, бироқ ҳатто Украина президенти Владимир Зеленский ҳам бунга ишонмаган эди. Бироқ орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас разведка прогнозлари ўз тасдиғини топди.

Жорий йилнинг 22 мартида Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган теракт атрофида ҳам шундай тушунарсиз вазият юзага келди. Россияда кенг террорчилик актлари кутилаётгани ҳақида АҚШ ва Европа разведка хизматлари тинимсиз маълумот тарқатишди. Бу мамлакатлар ўз фуқароларини Россияга сафар қилишдан қайтарувчи тавсияларни эълон қилишди.

Бироқ Россия президенти Владимир Путин бундай чақириқларга ишончсизлик билан қаради.
Путин яна бир марта президент этиб “сайлангани”дан кейин дастлабки йиғилишини Россия ФХХ раҳбарияти билан ўтказган. Сешанба, 19 март куни – терактдан 4 кун аввал ўтказилган мазкур йиғилишда ФХХ юқори мансабли зобитлари олдида Путин Ғарб амалдорларининг Москвада теракт содир этилиши эҳтимоли кучли экани ҳақидаги огоҳлантиришларни “очиқ провокацион баёнотлар” дея танқид қилган. “Буларнинг барчаси “очиқ шантаж, жамиятимизни қўрқитиш ва безовта қилиш учун ўйлаб топилган ҳаракатларни эслатяпти” деган Путин.

Bloomberg нашрининг маълум қилишича, жорий йилнинг 7 март куни АҚШнинг Москвадаги элчихонаси оммавий ва очиқ огоҳлантиришни эълон қилган. Баёнотда яқин муддатлар ичида “экстремистлар Москвадаги аҳоли кўп йиғиладиган жойлар, жумладан, концертлар ўтадиган жойларни (!) нишонга олиш режасига эгалиги” маълум қилинган.

АҚШ Миллий хавсизлик кенгаши вакили Адриенн Уотсоннинг маълум қилишича, “АҚШ ҳукумати террорчилик режалаштирилаётгани ҳақида маълумотга эга бўлган”. АҚШ ҳукумати эскидан қолиб келаётган сиёсий анъана – “огоҳлантириш бурчи” доирасида Россия давлати раҳбариятига ҳам ушбу маълумотни тақдим этган.

Бироқ Путин ва унинг ҳукумати бу огоҳлантиришларга эътибор бермагани етмагандек, тегишли чоралар кўрмаган, хавфсизлик идоралари ва полиция вазиятга тегишли муносабат билдирмаган.

Афусуски, бу прогноз ҳам амалга ошди: 22 март куни Россия пойтахти Москва яқинидаги концерт залида террорчилик акти содир этилди. Қурбонлар сони 180 кишига етган, суд 4 нафар гумонланувчини қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарган. Аянчлиси, теракт рўй берганидан кейин ҳам рус ҳукумати бу фожиада “Украина қўлини” қидиришдан тўхтагани йўқ.

Аввал маълум қилганимиздек, Москвадаги терактдан сўнг Франция террорчилик ҳужумлари хавфининг энг юқори даражасини эълон қилди. Шунингдек, Германия ички ишлар вазирлиги ҳам террор хавфидан огоҳлантириш билан чиқди, дея ёзади Süddeutschen Zeitung газетаси. Улар ИШИДнинг "Хуросон" бўлинмаси фаоллашганини айтмоқда.

The New York Times нашрининг ёзишича эса, Парижда ўтказиладиган 2024 йилги Ёзги Олимпиада ўйинлари ҳам “террорчиларнинг устувор нишони” бўлиши мумкин.

Қайд этилишича, Москва ҳамда Эрондаги терактлар ИШИДнинг афғон бўлими - Хуросон-ИД террорчиларини “Европа давлатлари, айниқса Франция, Бельгия ва Буюк Британияга қарши хуружларини кучайтиришга ундаши мумкин”.

Ғарб разведкасидаги манбаларнинг маълум қилишича, Ғарбдаги хуфёна террор тармоқларининг мавжудлиги, Яқин Шарқда кескинлашаётган ҳарбий-сиёсий вазият ва энг асосийси – Европада яшовчи русийзабон фуқароларнинг уларни қўллаб-қувватлаши бундай хуружларни уюштиришга туртки бўлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+