Тошкентда "Бир миллион дастурчи" лойиҳасига ажратилган пуллар талон-торож қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги беш ҳудуддаги ҳолатни жойларга чиққан ҳолда ўрганди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлади.
Агентлик томонидан 2023 йил давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида республика бюджети ҳисобидан харид қилинган компьютер ва бошқа воситаларнинг тавсия этилган техник топшириқларга мувофиқлиги ҳамда молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида жойига чиққан ҳолда ўрганилган.
Натижада етказиб берилган компьютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланди.
Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, “Ўқув таълим-таъминот” ДМ ва “Smart Sales Leader” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, жамият томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситалар етказиб берилмасдан, жами 919 млн 360 минг сўм миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан “Ўқув таълим-таъминот” ДМ ва “Smart Sales Leader” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аксилкоррупция агентлиги аввалроқ 1 млрд. сўмдан ошиқ давлат харидларида қонун бузилишларини аниқлаганди.