Зойир Мирзаев маҳаллалар учун 4 млрд. сўм ажратди
Пуллар Оққўрғон, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ ва Оҳангарон туманлари бюджетига йўналтирилади.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев "Обод маҳалла", "Обод кўча" ва "Обод хонадон" дастурлари доирасида тасдиқланган "Йўл харитаси" учун 4 млрд. сўм ажратди.
Ҳоким фармойишида маълум қилинишича, маблағ Оққўрғон, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ ва Оҳангарон туманлари бюджетига йўналтирилади.
Фармойиш иловасига кўра, маблағлар Янгийўл тумани "Ниёзбош" маҳалласи, Оққўрғон тумани "Навбаҳор" маҳалласи, Оҳангарон тумани "Шодмалик" маҳалласи, Қуйи Чирчиқ тумани "Мингчинор" маҳалласидаги ишлар учун сарфланади. Тўртта маҳаллага мос равишда 1 миллиард сўмдан берилади.
Пуллар маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, долзарб муаммо ва камчиликларни бартараф этишга йўналтирилади.
Аввалроқ Зойир Мирзаевнинг бошқа бир фармойиши билан бюджетдан 708,4 миллион сўм маблағ ажратилганди. Мазкур пул вилоятдаги таъмирталаб, пахса деворли мактаблардаги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун "Ягона буюртмачи хизмати" давлат унитар корхонасига берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Мирзаев бюджетдан 7 млрд. сўмдан ошиқ маблағ ажратиш бўйича икки қарорни ҳам имзолаганди. Унга кўра, Оққўрғон туманидаги Бойғули МФЙда "Обод маҳалла" ва "Обод хонадон" ишларини амалга ошириш учун 2 млрд. сўм, Янгийўл шаҳри учун трансформатор харид қилиш ва ўрнатиш харажатларига 2 млрд. 284 миллион сўм берилиши маълум қилинган.