Сув ва канализация учун пойтахт бюджетидан миллиардлар ажратилди
Давлат молиявий назорат бошқармаси пулнинг сарфланишини назорат қилади.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов пойтахт бюджетидан 7 млрд. 900 млн. сўм маблағ ажратди. Кеча, 21 феврал куни шаҳар ҳокимининг бу бўйича тегишли қарори эълон қилинган.
Маблағ пойтахт Иқтисодиёт ва молия бошқармаси ҳузуридаги "Сув таъминоти ва канализация тизимиларини ривожлантириш" жамғармасида шаклланган қолдиқ маблағлари ҳисобидан ажратилади.
Жумладан, Сергели туманидаги Нўғайқўрғон ва Қубайтепа маҳаллаларидаги тоза ичимлик суви ва дренаж тармоғи учун 2,5 млрд. сўм, Юнусобод туманидаги Оқтепа маҳалласини марказлашган оқова сув тармоғи билан таъминлаш харажатлари учун 5,4 млрд. сўм берилади.
Пул ўрнатилган тартибда "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниясига йўналтирилади.
Давлат молиявий назорат бошқармаси пулнинг сарфланишини назорат қилади.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Шавкат Умрзоқов сув тошқинларига қарши бюджетнинг захира жамғармаси ҳисобидан 846 миллион 500 минг сўм пул ажратганди.