Бош вазир котибияти департаментига раҳбар тайинланди
У 2019 йилдан буён Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
Файзуллажон Саъдуллаевич Қосимов Бош вазир котибияти “Маҳалла еттилиги”, ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаментининг раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори эълон қилинди.
Тайинловга қадар у Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. Бу лавозимга у 2019 йилда тайинланганди.
Файзулла Қосимов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган. Фарғона вилояти Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи, вилоят фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Кам таъминланган оилаларга нафақалар тўланишини мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби вазифаларда ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, собиқ АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ой бошида Бош вазир котибияти раҳбари этиб тайинланганди.