ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими кичик инспектори Ш.Ж. маҳаллий фуқародан пора олаётган вақтда қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Ш.Ж хизмат мавқейидан фойдаланиб, ваколатига кирмаса-да, Фавқулодда вазиятлар туман бўлими йўриқчи-қутқарувчиси ҳамда Профилактика ва назорат бўлинмаси кичик инспектори билан биргаликда Самарқанд тумани “Қайнама” МФЙ ҳудудида жойлашган "О.П." ва "Р.К. 777" масъулияти чекланган жамиятларида ёнғин хавфсизлиги юзасидан текшириш ўтказган. Якунда "О.П" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Л.Р.нинг ўзи ва опаси К.Р.га тегишли "Р.К. 777" МЧЖларда ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича бир қатор камчиликлар аниқланганлигини важ қилиб, ушбу камчиликларни текшириш далолатномасига қайд этмаслиги ва уларни маъмурий жавобгарликка тортмаслиги учун 600 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини беришни талаб қилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ш.Ж. талаб қилинган 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Ш.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қонуний чора кўрилиши белгиланди.
Аввалроқ Бухорода прокурор қўлга олинган, у ҳақда президент ҳам гапириб ўтганди.