platina.uz

Энди бир шахс Сенат раислигига икки мартадан ошиқ сайлана олмайди

Сенат бўйича Конституциявий қонунга ўзгартиришлар киритилди. 

Сиёсат
19 февраль, 17:25
Энди бир шахс Сенат раислигига икки мартадан ошиқ сайлана олмайди

Энди Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси фақат икки марта лавозимга сайланади. Президент томонидан имзоланган қонун (ЎРҚ-909-сон, 19.02.2024 й) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, Вакил Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги белгиланди.

“Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонунига киритилган қўшимчага кўра, Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунга киритилган ўзгартиришга кўра:

- Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади.

- Сенатнинг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.

Шунингдек, Сенат ва унинг органлари мажлисларида Марказий банк бошқаруви раиси иштирок этиши мумкин.

Бундан ташқари, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат Раиси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Сенат Конституцияга мувофиқ қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.

Қонунчилик таклифларини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва уларни Қонунчилик палатасига киритиш тартиби Сенатининг Регламентида белгиланади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан Сенат раиси вазифасини Танзила Норбоева эгаллаб келганди. У мазкур лавозимга 2020 йилда ҳам сайланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+