Учкўприк тумани ҳокими лавозимидан озод этилди
Аброржон Асқаров 2022 йил май ойида ҳокимликка тайинланганди.
Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокими Аброржон Асқаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Учкўприк тумани кенгаши қарори эълон қилинган. Мазкур ҳужжат билан ҳокимни ишдан олиш бўйича Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 2024 йил 6 февралдаги қарори тасдиқланган.
Маълумот учун, Аброржон Асқаров 1984 йил Бувайда туманида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган. 2004 йилдан банк-молия тизимида меҳнат қилиб келган, 2018–2019 йилларда "Микрокредитбанк" акциядорлик-тижорат банки Фарғона вилояти филиали бошлиғи, 2019 йилдан Учкўприк тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Учкўприк туманига 2022 йил май ойида ҳоким этиб тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча 14 феврал куни Олтинкўл, Хўжаобод, Учқўрғон ва Элликқалъа туманларига ҳокимлар тайинланганди.