Жаҳон чемпионати учта ҳудудда бўлади
Кузда Ўзбекистон футзал бўйича дунё биринчилигига мезбонлик қилади.
Жорий йилнинг 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари Ўзбекистон футзал бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида ўтказиладиган бу галги турнир ФИФА томонидан 10-бор ташкил этилмоқда. Финал босқичида жами 24 жамоа ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Ҳозирга қадар мезбон Ўзбекистондан ташқари яна 10 та терма жамоа мундиал йўлланмасини қўлга киритган, булар – Бразилия, Аргентина, Венесуэла, Парагвай, Португалия, Испания, Қозоғистон, Франция, Украина ва Янги Зеландия.
Илк мусобақа 1989 йилда Нидерландияда бўлиб ўтган ва унда Бразилия терма жамоаси чемпионликни қўлга киритган.
Амалдаги чемпион Португалия бўлиб, жамоа 2021-йилги турнир финалида Аргентинани мағлуб этган. Ҳозирга қадар 4 жамоа мундиалда зафар қучган – Бразилия (5 марта), Испания (2 марта), Аргентина (1 марта) ва Португалия (1 марта). Мезбон терма жамоалар орасида фақатгина Бразилия (2008) ўз уйида ўтган турнирда ғолиб бўлишнинг уддасидан чиққан.
Турнир тарихидаги энг яхши тўпурар бразилиялик Фалкао бўлиб, у 33 учрашувда 48 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган.