Тўлов ҳужжатларидан кўчирма бериш бўйича талаб бекор қилинди
Шунингдек, ОАВни рўйхатдан ўтказиш жараёни ҳам енгиллаштирилмоқда.
Тўлов ҳужжатлари кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-905-сон, 07.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.
Шунингдек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, ОАВни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга камайтирилди.
“Адвокатура тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, адвокатга гувоҳнома бериш муддати 2 иш куни этиб белгиланди. (Илгари 3 иш куни эди)
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Аввалроқ Зулфия мукофотини бериш тартибига ўзгартириш киритилгани маълум бўлганди.