Трамп Нобел мукофотига номзод сифатида кўрсатилди
Бу Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги келишувлар билан боғлиқ.
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод бўлди, уни Республикачилар вакили Клаудия Тенни илгари сурди. Бу ҳақда Fox News хабар бермоқда.
Унинг фикрича, Исроил ва бир қатор араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун асос бўлган "Иброҳим келишувлари"нинг имзоланишини рағбатлантириш асос бўлади. Теннининг сўзларига кўра, Трампнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари “мисли кўрилмаган ва ҳали Нобел қўмитаси томонидан муносиб эътироф этилмаган”.
Телеканалнинг эслатишича, Трамп айни пайтда "Иброҳим келишувлари"ни имзолашдаги иштироки учун бир неча бор Тинчлик учун Нобел мукофотига номзод бўлган, бироқ АҚШнинг собиқ президенти ҳалигача бу мукофотга сазовор бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Қўшма Штатлар Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган жараённи бошлади. Натижада, "Иброҳим тинчлик келишуви" деб номланган ҳужжатлар тўплами имзоланди. Битимларга БАА, Баҳрайн ва Марокаш қўшилди. Судан ҳукумати келишувларга қўшилишдан манфаатдор эканини билдирди ва уларнинг декларатив қисмини АҚШ собиқ молия вазири Стивен Мнучин иштирокида имзолади, аммо кейин Исроил билан тегишли ҳужжатни имзоламади.
Фаластин расмийлари араб давлатларининг Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган қадамларини танқид қилганди. 2020 йилгача Исроил минтақадаги фақат икки араб давлати – Иордания ва Миср билан дипломатик алоқаларни амалга ошириб келган.
Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда АҚШ президентлари ичида сўнгги бор Барак Обама Нобел мукофотини олганди.