"Хавфсиз ҳаракат" ижтимоий лойиҳасига янги ҳамкорлар жалб этилди
Шунингдек, лойиҳанинг шу пайтгача бажарган ишлари намойиш этилди.
25 январ куни Ўзбекистон маркетинг уюшмаси клубининг мажлисида ўз соҳасида профессионал бўлган юқори малакали мутахассислар учун ХАВФСИЗ ҲАРАКАТ ижтимоий лойиҳаси тақдим этилди.
Ушбу тақдимотнинг мақсади лойиҳага Ўзбекистонда йўл ҳаракати масалаларини ҳал этиш борасида кўмаклашишда манфаатдор бўлган янги ҳамкорларни жалб қилишдан иборат. Golden House девелопер компанияси мазкур тадбир ҳамкори бўлди.
Gross суғурта компанияси Бошқаруви раиси Отабек Назаров: “Шуни қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда корпоратив муҳитда ижтимоий лойиҳалар ташаббуси билан чиқиш борасида ижобий тамойил кузатилмоқда. Ривожланиш стратегиясини ишлаб чиққан ҳолда биз эътиборимизни нафақат бизнес кўрсаткичларни яхшилашга жамладик, балки жамоатчилик назаридаги долзарб масалаларни ҳал этишда қандай ҳисса қўшишимиз мумкин деган саволни ҳам ўз олдимизга қўйдик. Биз автосуғурта бозорида салмоқли улуши бўлган суғурта компанияси сифатида ХАВФСИЗ ҲАРАКАТ лойиҳаси ташаббуси билан чиққан ҳолда жамоатчилик диққат-эътиборини йўллардаги ҳодисалар ва уларнинг оқибатлари муаммосига қаратиш масъулиятини ўз зиммамизга олдик. Ахир автомобилни тиклаш мумкин, аммо инсон ҳаётини қайтариб бериш бизнинг ихтиёримизда эмас.
Шунингдек, тадбирда лойиҳанинг ижодий ғояси, шу пайтгача бажарган ишлари ҳақида тақдимот билан таништирилди. Хусусан, Gross суғурта компанияси, Uzum Market ҳамда Тошкент шаҳри Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан заиф эшитувчи болалар интернат мактаби тарбияланувчиларига ёруғликни қайтарувчи элементлари ва пиёдалар ўтиш жойи белгиси туширилган харид-сумкалар топширилди ва бу мазкур лойиҳа доирасидаги илк қадам бўлди.
“Яшагим келар” қўшиғи ва у бўйича суратга олинган клипни тақдим этилиши эса кейинги босқични бошлаб берди. Эстрада юлдузлари – рэпер Конста ва Анвар Жўраев ҳам ташаббусга бефарқ бўлмаган ҳолда ЙТҲда жабрланган инсонлар билан юз берган реал воқеаларга асосланган қўшиқ ва унга ишланган клипни аҳолига тақдим этишди. Клип икки ой ичида турли платформаларда 885 659 марта томоша қилинди.
Қолаверса, Янги йилда Gross компанияси Тошкент шаҳри ИИББ билан ҳамкорликда ”Бахт мактублари” акциясини ўтказди, унда 2023 йил давомида жаримага тортилмаган ҳайдовчилар автосуғурта учун индивидуал ваучерлар билан рағбатлантирилди. Мазкур акция масъулият ва виждонан ёндашган ҳолда юқори ҳайдовчилик маданиятини намоён қилиш йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари учун ҳурмат белгиси эканлигини кўрсатди.
Тадбир давомида лойиҳанинг ташаббускори бўлган Gross компанияси ва Golden House компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, Маркетинг ва реклама соҳасида ўз фаоллиги туфайли Gross компанияси суғурта компаниялари ўртасида “Ўзбекистон брендлари ва агентликларининг маркетинг самарадорлиги рейтинги”да яна бир бор етакчи бўлди ҳамда мамлакатда тақдим этилган барча брендлар орасида топ-20 рўйхатига кирди. Компаниянинг расмий тақдирлаш маросими ҳам тадбир доирасида бўлиб ўтди.
Маркетинг уюшмасининг раиси Диёр Мирзаахмедов: “GROSS суғурта компаниясининг ХАВФСИЗ ҲАРАКАТ лойиҳаси бозорда етакчилик қилаётган компаниялар учун коммуникацияларда ижтимоий йўналишнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигига ёрқин намунадир”.
Одинахон Деҳқонова тайёрлади.