Фейк янгиликларни фактчекинг қилиш усуллари ва муаммолари
«Диалог Регионы» автоном нотижорат ташкилотининг ёлғон ахборот тарқалишига қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Сергей Маклаков бу борадаги тажриба ва илмий натижаларни ӯзбекистонлик медиаконтент яратувчилар билан ӯртоқлашди. Россия медиа майдонида дипфейклар ва спуфинг улуши 2025 йилдаги 20 фоиздан 2026 йилда 31 фоизга етган.

Сунъий интеллект ривожланиб боргани сари ёлғон янгилик ва маълумотларни аниқлаш ва текшириш тобора қийинлашиб бормоқда. Шу билан бирга мутахассислар бу борада талқиқотлар ӯтказиб, муаммога илмий-амалий ёндашув ёрдамида ечим излашга уринишдан тӯхтаб қолишгани йӯқ.
9–10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган III Ўзбекистон–Россия медиафоруми доирасида «Фейк ахборот ва генератив контентни текшириш» мавзусида маҳорат дарсида ана шундай ечим ва воситалар муҳокама қилинди.
«Диалог Регионы» автоном нотижорат ташкилотининг ёлғон ахборот тарқалишига қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Сергей Маклаков бу борадаги тажриба ва илмий натижаларни ӯзбекистонлик медиаконтент яратувчилар билан ӯртоқлашди. Эксперт дезинформация тарқалишининг асосий механизмлари, дипфейк технологияларининг ривожланиши ҳамда ахборот ишончлилигини текширишнинг амалий усуллари ҳақида сўз юритди.
Сергей Маклаков ўз чиқишида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ахборот хавфсизлиги соҳасида янги муаммоларни келтириб чиқараётганига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, замонавий технологиялар ёрдамида ҳақиқий материаллардан ажратиш тобора қийинлашиб бораётган реалистик тасвирлар, видеороликлар ва аудиоёзувлар яратиш имконияти кенгаймоқда.
Айниқса ёлғон ахборот тарқалишига сабаб бўлувчи психологик омиллар алоҳида эътиборга молик. Экспертнинг сўзларига кўра, хавотир уйғотувчи хабарлар кўпинча фойдаланувчиларда атрофдагиларни тезроқ огоҳлантириш истагини пайдо қилади. Натижада айримлар олинган маълумотнинг ҳаққонийлигини текширмасдан туриб, уни бошқаларга тарқатишга шошилади.
Маклаков қайд этганидек, аудиториянинг ахборотга бўлган ишончига бир қатор психологик омиллар таъсир кўрсатади. Хусусан, бир хил маълумотнинг турли манбаларда қайта-қайта такрорланиши унинг ҳақиқат экани ҳақида тасаввур уйғотиши мумкин. Шунингдек, инсонлар кўпинча ўзларида аввалдан шаклланган қараш ва ишончларга мос келадиган маълумотларни осонроқ қабул қилади.
Шу муносабат билан Маклаков ахборотга танқидий ёндашиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг тавсиясига кўра, ҳар қандай шубҳали хабарни бошқаларга юборишдан аввал ундаги қайси маълумотни текшириш зарурлигини аниқлаш, дастлабки манбани топиш ва хабар мазмунини мустақил манбалардаги маълумотлар билан солиштириш лозим.
Маҳорат дарсининг алоҳида қисми фактчекинг, яъни ахборотнинг ҳаққонийлигини текширишнинг амалий усулларига бағишланди. Эксперт иштирокчиларга маълумотни текширишнинг босқичма-босқич алгоритмини тақдим этди. У дастлабки материални қайд этиш, бирламчи манбани излаш, фактларни ўзаро таққослаш ва далилларга асосланган хулоса чиқаришни ўз ичига олади.
Маърузачининг таъкидлашича, ахборотни текширишда унинг контекстини, яъни эълон қилинган санаси, воқеа содир бўлган жой, муаллиф ҳамда хабарнинг дастлабки мазмунини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳақиқий фотосурат ҳам нотўғри изоҳ билан тарқатилса, аудиторияни чалғитувчи воситага айланиши мумкин.
Бунга мисол сифатида Сергей Маклаков Япониядаги зилзила оқибатлари акс этгани иддао қилинган фотосурат билан боғлиқ ҳолатни намойиш этди. 2026 йил июль ойида Японияда содир бўлган янги ер силкинишлари ҳақидаги хабарларда қўлланилган, хонага етказилган зарар тасвирланган сурат аслида 2020 йил июнь ойидаёқ интернетда эълон қилингани аниқланган. Шу тариқа, мазкур фотосурат у билан боғлаб кўрсатилган воқеадан олти йил аввал тарқалгани маълум бўлган.
Ушбу мисол орқали эксперт дезинформация тарқатиш учун ҳар доим ҳам сохта тасвир яратиш шарт эмаслигини кўрсатди. Айрим ҳолларда ҳақиқий фотосуратни асл контекстидан ажратиб, унга нотўғри изоҳ беришнинг ўзи жамоатчиликда воқеа ҳақида янглиш тасаввур шакллантириши мумкин.
Маърузанинг салмоқли қисми генератив сунъий интеллект ва дипфейк технологияларига бағишланди. Сергей Маклаков сўнгги йилларда сунъий тасвир ва видеоматериаллар яратиш технологиялари сезиларли даражада такомиллашганини, бундай имкониятларни тақдим этувчи сервислар эса кенг фойдаланувчилар оммаси учун тобора қулай бўлиб бораётганини қайд этди.
Маҳорат дарсида «Диалог Регионы» ташкилоти маълумотларига таяниб тақдим этилган статистикага кўра, Россия медиа майдонида дипфейклар ва спуфинг ($$$$$) улуши 2025 йилдаги 20 фоиздан 2026 йилда 31 фоизга етган. Шу билан бирга, эксперт сунъий интеллект ёрдамида яратилган контент нафақат кўнгилочар мақсадларда, балки ёлғон ахборот тарқатиш, фирибгарлик қилиш ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш учун ҳам ишлатилиши мумкинлигини таъкидлади.
Мазкур муаммони ёритиш мақсадида иштирокчиларга сербиялик таниқли теннисчи Новак Жоковичнинг 2026 йил октябрь ойида интернетда тарқалган тасвири мисол қилиб кўрсатилди. Унда спортчи гўё оммавий тадбирда уч бармоғини кўтарган ҳолда тасвирланган бўлиб, айрим фойдаланувчилар бу ишорани муайян сиёсий рамз сифатида талқин қилган.
Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, Россиянинг Global fact checking neteork ( GFCN) онлайн хизмати мутахассислари тасвирни текшириш жараёнида сунъий интеллект ёрдамида яратилганига ишора қилувчи белгиларни аниқлаган. Жумладан, тасвирда SynthID рақамли белгиси, шунингдек, орқа фондаги инсонларнинг кийими ва айрим визуал деталларида номувофиқликлар кузатилган. Спикер ушбу мисол орқали сунъий яратилган визуал контент машҳур шахслар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиш, шунингдек, уларга муайян сиёсий қараш ёки позицияни асоссиз равишда боғлаш учун ишлатилиши мумкинлигини тушунтирди.
Сергей Маклаков ӯз чиқишида дипфейкларни аниқлашга мўлжалланган автоматлаштирилган дастурлар натижаларининг ишончлилиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. У бир хил видеороликни сунъий контентни аниқловчи иккита сервис ёрдамида текшириш натижаларини тақдим этди.
Хусусан, Hive Moderation сервиси мазкур видеоматериал бўйича 15,3 фоизлик натижани кўрсатган бўлса, TruthScan унинг сунъий интеллект ёрдамида яратилган бўлиши эҳтимолини 97 фоиз деб баҳолаган. Спикер таъкидлаганидек, бундай кескин тафовутлар ахборотни текширишда комплекс ёндашув зарурлигини кўрсатади. Биргина дастур ёки детектор хулосаси материалнинг ҳақиқий ёки сунъий эканини тўлиқ исботлаб бера олмайди.
Шу сабабли эксперт видеоматериалнинг дастлабки файлини топиш, муаллифнинг асл публикациясини ўрганиш, алоҳида кадрларни таҳлил қилиш, ҳаракатлар, ёруғлик, соялар ва овоздаги номувофиқликларга эътибор қаратишни тавсия қилди. Шунингдек, рақамли белгилар ва сунъий интеллектдан фойдаланилганини кўрсатувчи бошқа аломатларни ҳам текшириш муҳимлиги қайд этилди.
Айни пайтда, Сергей Маклаковнинг тушунтиришича, айрим визуал номувофиқликларнинг мавжудлиги ҳам материалнинг сохталиги ҳақида қатъий хулоса чиқариш учун ҳар доим етарли бўлавермайди. Бунинг учун бир нечта текшириш усуллари натижаларини ўзаро таққослаш ва материал яратилган шароитни ҳисобга олиш талаб этилади.
Маҳорат дарси якунида эксперт ёлғон ахборот тарқалишининг олдини олиш бўйича бешта асосий тавсияни илгари сурди:
Биринчидан, шубҳали хабарни тарқатишдан аввал бир оз тўхтаб, ундаги айнан қайси фактни текшириш кераклигини аниқ белгилаб олиш зарур.
Иккинчидан, ахборотнинг дастлабки манбасини топиш ва уни мустақил манбалар билан солиштириш лозим. Чунки турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган кўплаб хабарлар аслида битта манбага таянган бўлиши мумкин.
Учинчидан, маълумотнинг контексти, жумладан, санаси, жойи, муаллифи ва асл мазмунини текшириш муҳим. Зеро, ҳақиқий тасвир ҳам бошқа вақт ёки маконда содир бўлган воқеага тегишли бўлиши мумкин.
Тўртинчидан, сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентни аниқлашда файлнинг келиб чиқиши, алоҳида кадрлар ва махсус детекторлар натижаларини комплекс таҳлил қилиш талаб этилади.
Бешинчидан, текшириш натижаларини далиллар билан асослаш, фойдаланилган манбаларга ҳаволалар келтириш ва тасдиқланмаган маълумотларни очиқ кўрсатиш лозим.
Маҳорат дарси якунида Сергей Маклаков иштирокчиларни GFCN (Global Fact-Checking Network) тармоғининг фактчекинг кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган таълим ресурслари билан ҳам таништирди. Хусусан, у манбалар, ҳужжатлар, фотосуратлар ва видеоматериалларни текширишга оид мақолалар ҳамда видеодарсларни ўз ичига олган махсус таълим бўлимини тақдим этди.
Мазкур ресурслар ахборотнинг ҳаққонийлигини баҳолаш, ёлғон маълумотларни аниқлаш ва рақамли контентни таҳлил қилиш бўйича амалий билимларни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Таъкидлаш лозим, Сергей Маклаковнинг маҳорат дарси III Ўзбекистон–Россия медиафорумининг икки мамлакат медиа соҳаси вакиллари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда касбий салоҳиятни оширишга қаратилган таълим дастури доирасида ташкил этилди. Маъруза давомида кўтарилган масалалар сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётган ва рақамли маконда ахборот оқими тобора ортиб бораётган бугунги шароитда айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда.
Спикер тақдим этган мисоллар ва тавсиялар дезинформацияга қарши самарали курашиш учун замонавий технологик воситалардан фойдаланиш билан бир қаторда, танқидий фикрлаш, манбаларни синчиклаб текшириш ва ахборот тарқатишга масъулият билан ёндашиш муҳимлигини кўрсатди.
Абулфайз Сайидасқаров





