platina.uz

Асосий ставка: тарих, таъсир ва таваккалчилик

АС кўрсаткичи нозик ва аниқ тарозининг шайнига ўхшайди: сал нотўғри тарафга сурсангиз, тарози паллалари оғиб кетади.

Иқтисод
26 январь, 12:23
Асосий ставка: тарих, таъсир ва таваккалчилик

Марказий банк (МБ) жорий йил 25 январда асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилишида бу кўрсаткични 14% шаклида ўзгаришсиз қолдирди. Эслатиб ўтиш жоиз, бу ставка 2023 йилнинг 16 мартидан бери амалда бўлиб келмоқда.

МБнинг бу масала бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 14 мартга белгиланган. 2024 йилда Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш юзасидан кейинги йиғилишлари эса 25 апрел, 13 июн, 25 июл, 12 сентябр, 24 октябр ва 12 декабр кунларига режалаштирилган. Шунингдек, 25 январ, 25 апрел, 25 июл ва 24 октябрдаги таянч бошқарув йиғилиши натижалари бўйича Марказий банк раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилади ва “Пул-кредит сиёсати шарҳи” эълон қилинади.

Асосий ставка нимани англатади?

Марказий банк асосий ставкаси – инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий инструменти бўлиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга оширадиган пул-кредит операциялари бўйича мўлжал фоиз ставкаси ҳисобланади. Асосий ставкани (АС) ўзгартириш орқали Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини белгилаб боради.

АС даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгиланади.

АС фоизи тижорат банкларининг омонатларни жалб этиш шартларига таъсир қилади. Қисқа қилиб айтганда, АС — МБ тижорат банкларига кредит беришидаги минимал фоиз. Тижорат банклари бундай кредитни олиб, МБ АСдан баландроқ фоизда (одатда 4-5%) компания ва чакана истеъмолчиларга кредит беради.

Марказий банкнинг тижорат банклари билан ликвидликни тақдим этиш ва жалб этиш бўйича асосий операциялари (муддати 2 ҳафтагача бўлган депозит, РЕПО ва СВОП аукционлари) асосий ставка доирасида амалга оширилади ва банклараро пул бозоридаги операцияларга таъсири орқали банк хизматлари (депозитлар ва кредитлар) бўйича фоиз ставкаларининг белгиланишида муҳим омиллардан ҳисобланади.

Асосий ставка давлат пул-кредит сиёсатининг асосий қуроли, моливий муҳитдаги фаолиятни тартибга солувчи, бошқача айтганда, давлатнинг иқтисодий жараёнларга қонуний аралашувини ифодаловчи восита ҳисобланади.

Асосий ставка пасайтирилса, нима бўлади?

АС паст бўлса, демак, пул арзонлашади. Тижорат банклари таклиф этадиган кредитларнинг фоизи пасаяди, натижада компания ва аҳоли фаол равишда кредит ола бошлайди. Аввал хусусий бизнес ва пировардида миллий иқтисодиёт ривожлана бошлайди. Ишлаб чиқариш ҳажми ўсади, аҳолининг харид қобилияти ошади, банк депозитлари бўйича ставкалар пасаяди.

Лекин бундай сиёсат салбий оқибатга ҳам олиб келади. Пул арзонлашгани боис кўпайиб кетади ва инфляция рўй беради, нархлар кўтарилиб кетади.

Асосий ставка кўтарилиши қандай оқибатларга олиб келади?

Албатта, инфляциянинг ҳаддан зиёд ортиши ҳам иқтисодиётга ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсата бошлайди. Натижада МБ инфляцияни пасайтириш, бу жараённи назоратга олиш учун АСни кўтаришга мажбур бўлади.

Бироқ бу ҳаракат ҳам салбий жараёнлар занжирини бошлаб бериши мумкин. Аввало муомалада пул камайгани боис, аҳолининг харид қобилияти пасаяди, иқтисодий ўсиш суръати секинлашади.

Шу боис АС кўрсаткичи нозик ва аниқ тарозининг шайнига ўхшайди: сал нотўғри тарафга сурсангиз, тарози паллалари оғиб кетади. Бунда мавжуд иқтисодий вазиятни чуқур таҳлил этиш ҳамда кутилажак жараён ва омилларни илмий прогноз қилиш – энг мақбул “олтин ўрталик”ни топишга ёрдам беради.

Асосий ставканинг банк хизматларига таъсири

МБ АСни ўзгартиришга қарор қилса, бозорни эҳтимолий кўтарилиш ёки пасайиш ҳақида аввалдан хабардор қилади.

Тижорат банклари эса ўз навбатида АСнинг динамикасини кузатиб, пул бозоридаги ликвидлик яқин келажакда арзон ёки қимматлашишини тушуниб олишади. Натижада банклар ўз маҳсулотлари ва хизматлари (масалан, аҳоли ва тадбиркорлардан жалб этиладиган омонатлар ва уларга ажратиладиган кредитлар билан боғлиқ харажатлар) нархларини ўзгартиришга мажбур бўлишади.

Инфляция тезлашиб кетса ва МБ АСни кўтарса, банкларнинг депозит ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларини оширишлари эҳтимоли пайдо бўлади. Бу эса банклараро (жорий ликвидликни таъминлаш мақсадида банклар бир-бирларига пул маблағларини маълум бир фоиз эвазига тақдим этадиган бозор) ва умуман олганда, пул бозорида маблағларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларнинг ортишига сабаб бўлади.

Инфляция даражаси ҳамда асосий ставканинг пасайиши банклараро пул бозорида пул маблағларини жалб этишнинг арзонлашишига, бу эса, ўз навбатида, баланд бўлмаган фоиз ставкаларида кредитлар ажратиш орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий манбаларнинг мақбуллашишига сабаб бўлади.

Муҳим бир жиҳати шундаки, МБ АС кредит ташкилотлари томонидан мижозлар билан шартномалар тузишда қўлланилиши мумкин. АС ўзгартирилса, унинг жорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлади. Бундай ҳолларда кредит бўйича фоиз ставкаси асосий ставкага "боғланган" ва фоиз тўловлари миқдори асосий ставка даражасига қараб ўзгаради!

Содда қилиб айтганда, агар сиз банкдан кредит олсангиз, кредит шартномасида МБнинг АС га боғлиқ ҳолда ўзгариб турадиган кредит фоизи белгиланганига диққат қаратинг. АСнинг ўзгариши сиз тўлаётган кредит фоизларига бевосита таъсир қилишини унутманг!

Лекин тижорат банклари ва мижозлар ўртасида ўзгармас фоиз ставкаларида тузилган шартномаларга МБнинг АС ўзгариши таъсир кўрсатмайди.

Асосий ставка ва қайта молиялаштириш ставкаси – фарқ нимада?

Қайта молиялаштириш ставкаси (ҚМС) – бу МБнинг фоиз ставкаси ҳисобланади. Яъни МБ – бу кредит ташкилотларига (ёки хорижий МБга) берилган кредитлар учун мамлакат МБга йиллик асосда тўланадиган фоизлар миқдоридир.

ҚМС пул-кредит сиёсатининг муҳим кўрсаткич ролини ўйнайди. У иқтисодий тартибга солувчи функцияга қўшимча равишда, солиққа тортиш, жарималар ва жарималарни ҳисоблаш учун қўлланилган.

Ҳозирги келиб, АС ва ҚМС айни бир хил маъно ва рақамни англатади. Масалан, Россияда 2016 йил 1 январдан бошлаб ҚМС кўрсаткичи МБ белгиловчи АС кўрсаткичига тенглаштирилган. Ўзбекистонда ҳам аввал ҚМС атамаси қўлланилган бўлса-да, кейинчалик АС атамаси ишлатила бошлади.

Асосий ставканинг тарихий траекторияси

МБ асосий ставка даражаларини белгилаш тарихига назар солсак, инфляция, нархлар тинмай ошиб борган ва миллий валюта қадрсизланиши тезлашган ҳамда беқарор молиявий-иқтисодий муҳит ҳукмрон даврларда асосий ставка ошириб борилганига гувоҳ бўлиш мумкин. 1994 йил 2 майдан бошлаб МБ асосий ставкаси 150 дан 300% гача ўсиб борган, 1995 йил 1 июлда АС кескин 120%га туширилган ва шундан буён муттасил ва мунтазам пасайтириб келинган.

Бу тенденция 1997 йил 1 ноябргача давом этган (30%) ва 1998 йил 1 январда 36%лик даража ўрнатилган.

200 йил 1 апрелда бу кўрсаткич яна 30% ҳолатига қайтиб, энг максимал чегарани ифодалаган ва ҳозиргача АС шу чегарадан тепага чиқмай келмоқда.

2015 йил 1 январда Ўзбекистон МБ АС тарихидаги энг паст даража – 9% тарзида белгиланган. 2017 йил 28 июнда АС 14% га кескин оширилган.

2022 йил 18 мартда АС 17% даражасида ўрнатилган ва 3 ойдан кейин 16%га, яна 1 ойдан кейин 15% га туширилган.

2023 йил 17 мартида эса АС 15 % дан 14% фоизга туширилган бўлиб, шундан бери ўзгармай келмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+