platina.uz

Адолатни тўсаётган айбдорлик ҳисси

Қуръонни ёқишни сўз эркинлиги дея баҳолаётган Ғарб Холокост сабабли айбдорлик ҳисси таъсирида яҳудийлар давлатининг ҳар қандай оғир жиноятларини ҳам кечиришга тайёр.

Таҳлил
26 январь, 20:55
Адолатни тўсаётган айбдорлик ҳисси

Бугун БМТ Халқаро суди (ХС) Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши геноциди ҳақидаги даъвоси юзасидан дастлабки (оралиқ) қарорини эълон қилди. Исроилга қарши чоралар кўриш талаб этилган мазкур қарорни бажариш БМТнинг барча аъзолари учун мажбурий.

Суд ҳайъати аъзолари ЖАР сўраган барча чораларни (Ғазо секторидаги Исроил ҳарбий амалиётини тўхтатиш талабидан ташқари) қўллаб овоз берди. Суд қарори Исроилдан Ғазо секторида геноциднинг олдини олиш ва унга алоқадор масъулларни жазога тортиш ҳамда анклавда гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча зарур чораларни кўришни талаб қилади.

ХС мазкур босқичда ЖАРни қўллашга рози бўлгани Исроилга қарши халқаро санкциялар қўлланишига сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ қудратли давлатларнинг “эркатойи” бўлмиш Исроил бу қарорга ҳам худди аввалги ҳолатлардаги каби парво қилмаслиги аниқ. Исроил томони барча айбловларни инкор этмоқда ва суддан бу ишни бутунлай рад этишни сўраган.

Исроил ХСнинг жиноятлардан тийилишга чорловчи талабларига биринчи марта эътиборсиз бўлиши эмас: 2004 йилда ҳам Халқаро суд Исроил томонидан истило қилинган ҳудудлар – Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи маъмурий чегаралари бўйлаб тўсиқ девор қурилишининг ноқонунийлиги ҳақида қарор чиқарган эди. Исроил вакиллари Халқаро суд мажлисида қатнашмаган, ундан олдинроқ суд раисига суднинг бу масала бўйича юрисдикцияси Тел-Авив томонидан тан олинмаслиги ҳақида хат юбориш билан кифояланган эди.

Эслатиб ўтиш жоиз, ЖАР 2023 йил 29 декабр куни БМТ Халқаро судига Исроилнинг фаластинликларга қарши геноциди ҳақида даъво аризаси киритган эди. ХС 11 январ куни ушбу даъво юзасидан тингловларни бошлади.

ЖАР киритган даъво аризасида Исроилнинг БМТ конвенцияларини қўпол равишда бузиб келаётгани, Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцид уюштираётгани таъкидланган. ХС сайтида эълон қилинган аризада, шунингдек, ЖАР ҳукумати Исроил оккупацион армиясини Фаластин анклавида олиб бораётган жанговар ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга чақирган.

ЖАРнинг 84 варақдан иборат даъвосида иддао қилинишича, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари “геноцид” характерига эга. Даъво матнида келтирилишича, Ғазо сеткорида тинч аҳоли ваҳшийларча ўлдирилмоқда, тирик қолганлари эса тузатиб бўлмас, руҳий ва жисмоний талафот олишмоқда. Шу билан бирга Исроил армияси атайлаб минтақада фаластинликларнинг этник гуруҳ сифатида йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган шароит яратишмоқда.

Даъво аризасида Исроилнинг фаластинликларга муносабати 75 йиллик апартеид, 56 йиллик ҳарбий оккупация ва Ғазо секторини 16 йиллик блокадасидан иборатлиги таъкидланган. Исроил бу ноқунуний хатти-ҳаракатларини зудлик билан тўхташи лозим. Чунки Исроил 1948 йилда геноциднинг олдини олиш ҳақидаги халқаро конвенцияни имзолаган. Мазкур конвенциянинг 9-моддасида эса бу борадаги баҳсли масалалар ХС ҳукмига ҳавола этилиши кўзда тутилган.

ЖАРнинг мазкур даъвосини Араб давлатлари лигаси ва унинг 22 аъзо давлати, Туркия, Малайзия, Венесуэла, Эрон ва Бразилия қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Индонезия ҳам Ғазо секторидаги вазият юзасидан ХСга даъво аризаси киритиш ниятида. Бу ҳолда уни Европанинг араб ва мусулмон эмас давлати Словения ҳам қўллашга ваъда берган. Айни кунларда Никарагуа ҳукумати ХСга Исроилга қарши даъво аризаси киритиши кутилмоқда.

Араб ва мусулмон бўлмаган ЖАРнинг бу даъвони киритиши ва шу каби давлатларнинг бу даъвони қўллаб-қувватлаши жаҳон ҳамжамиятининг Исроилнинг Фаластинга қарши жиноятларига ортиқ кўз юмиб юришга сабри қолмагани ва Исроилнинг обрўсизланиб бораётганини англатади.

Расмий Тел-Авив эса, албатта, ҳар доимгидек, “оппоқ”. Гарчи кўплаб вазирлар, яҳудий масъуллари Фаластинни ва унинг аҳолисини йўқ қилиб юборишга чақираётгани, уларни “ёввойи ҳайвон” деб атаётгани, уларга қарши ҳатто атом бомбаси қўллаш ҳам мумкинлиги ҳақида очиқ баёнотлар бераётганига қарамасдан, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида “Исроил Ғазо секторини доимий истило қилиш ва ундаги фуқароларни ҳайдаб чиқариш ниятида эмас” дея пост қолдирди. Унинг матбуот котиби Эйлон Леви эса Исроил Ҳаагага (ХС мажлиси ўтаётган шаҳар) “ЖАРнинг мантиқсиз туҳматини йўққа чиқариш учун” юристлар жамоаси юборилиши ҳақида маълум қилди.

ЖАР даъвосига қарши чиққанлар ҳам бор. Ва энг аввало АҚШ бу даъво асоссиз деб ҳисоблайди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда турли юқори мансабдор амалдорлар Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиётларини геноцид деб аташга “асос” кўришмаётганини таъкидлаб келишади.

Шунингдек, Канада ҳукумати ҳам ЖАРнинг Исроилга қарши даъвосини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Бош вазир Жастин Трюдо шу ҳақда баёнот берган. “Канада айни пайтда БМТ ХСда камида 5 та ишда бевосита иштирок этмоқда, деган Трюдо. "Биз ХС ва ундаги жараёнларини самимий қўллаб-қувватлаймиз, бироқ бу ЖАР томонидан илгари сурилган даъвони ҳам қўллашимизни англатмайди”, деган Канада бош вазири. Трюдо, шунингдек, мазкур масала бўйича расмий Оттава позицияси ҳақида кенгайтирилган жавоб тайёрланаётганини маълум қилган.

Шу билан бир қаторда, ЖАР даъвосини Буюк Британия, Германия (бу давлат ҳатто даъвога учинчи томон сифатида киришини маълум қилган) Венгрия ҳамда Гватемала қоралаб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, Австрияда яҳудийларга қарши содир этилган Холокостни инкор этишнинг ўзиёқ жиноий жавобгарлик ва реал озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши учун асос бўлади. Қуръонни ёқишни сўз эркинлиги дея баҳолаётган Ғарб Холокост сабабли айбдорлик ҳисси таъсирида яҳудийлар давлатининг (Исроил Мустақиллик декларациясига кўра у шундай тавсифланади – муал.) ҳар қандай оғир жиноятларини ҳам кечиришга тайёр.

Таъкидлаш жоиз, гарчи ХС дастлабки қарорини эълон қилган бўлса-да, якуний – бажариш мажбурий бўлган якуний қарор чиқарилиши учун 10 йилга яқин вақт кетади. Бироқ якуний натижа қандай бўлишига қарамасдан, Исроил армиясининг Ғазо сектори аҳолисига қарши уруши қандай якунланишидан қатъи назар, дунё халқлари наздида, Исроил аллақачон ютқазиб бўлди. Ҳатто Ғарб ҳам Исроилни абадий қўллаб тура олмайди. Халқ кўр эмас, ахборот тарқалиши ва уни текшириш осонлашиб боргани сари ҳар қандай пропаганда, алдов, чалғитиш ва қўрқитишларнингтаъсири ҳам пасайиб бораверади. Дунё халқларининг ўз ҳукуматларини Исроилни тийиб қўя оладиган қарорлар қабул қилиши ва амалий ҳаракатлар бошлашига ундаши эса вақт масаласи холос.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+