platina.uz

Фарғонадаги муаммолар ўрганилмоқда

Президент Администрацияси ходимлари, вазирлик ва идоралар масъуллари мазкур ишга жалб этилди.

Жамият
25 январь, 12:06
Фарғонадаги муаммолар ўрганилмоқда

Президент топшириғига асоан Президент администрацияси ва Халқ қабулхоналари бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи жойларда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ишчи гуруҳи томонидан Фарғонада аҳоли кайфияти билан боғлиқ долзарб масалаларни ўрганиш ва соҳавий муаммоларни жойида ҳал этиш ишлари бошланди.

Ишчи гуруҳига Президент маслаҳатчисининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигида Президент Администрацияси масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар масъуллари жалб этилди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг эътибор марказида вилоят бўйича аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган энг долзарб муаммоларни, шахсий мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал этиш, танлаб олинган маҳаллаларда “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича ишларни янада жадаллаштириш масаллари бўлди. Шундан келиб чиққан ҳолда Халқ қабулхонлари, вазирлик ва идоралар, вилоят, туман секторлари раҳбарларига топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.

Ўтган икки кун давомида Халқ қабулхоналари томонидан туман, шаҳар секторлари билан ҳамкорликда 11 та сайёр қабул ташкил этилди. Қабулларда 308 нафар фуқаро томонидан 320 та масала кўтарилди. Мурожаатларнинг 102 таси жойида ҳал этилди, 92 таси бўйича тушунтириш берилиб, қолган 126 та масала ижроси назоратга олинди.

Жумладан, Бувайда тумани “Ўрта қўнғирот” маҳалласида ташкил этилган қабулда 27 нафар фуқаролар 22 та масалада мурожаат қилди. 4 таси жойида ҳал этилиб, 18 таси бўйича тегишли идора ва ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилди, ижроси назоратга олинди. Жумладан, “Қоратепа” маҳалласида яшовчи О.Қўлдашевнинг ичимлик суви тармоғини таъмирлаш масаласи ижобий ҳал этилди. Ёки Фарғона шаҳри “Киргили” маҳалласида яшовчи фуқаро М.Дадажонованинг суд қарори ижроси, ҳимоя ордери, газ, моддий ёрдам масалалари ижобий ҳал этилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 153 та мурожаат қайта ўрганилиб, 19 таси ижобий ҳал этилди. Жумладан, Фарғона тумани “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи Б.Ғиёсиддинованинг фарзанди 47-сонли мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилди, Бешариқ тумани “Қорақўйли” маҳалласида яшовчи М.Қаюмовнинг оилавий матабгача таълим ташкилоти учун субсидия маблағларини олиш юзасидан мурожаати ижобий ҳал этилди.

Бувайда туманидаги 17-сонли умумтаълим мактабида тумандаги банд бўлмаган, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги фуқаролар учун бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилди. Унда тумандаги 51 та корхона, ташкилот, муассасалар ва фермер хўжаликлари 241 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Жами 85 нафар фуқаролар иштирок этди. Тадбир давомида 42 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Шундан, 22 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди, 20 нафар фуқаро “VODIY TRADE 007” корхонасига касаначи сифатида ишга қабул қилинди ва уларга субсидия асосида тикув машинаси берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қува тумани “Қорақум” маҳалласи аҳолиси учун тиббий кўрик ташкил этилиб, кўрик давомида 190 нафар фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 132 нафар фуқароларда турли касалликлар аниқланди. 124 нафар беморларга амбулатор шароитда даволанишга тавсия берилди, 8 нафар беморларга шаҳар ва вилоят муассасаларида даволаниш ва текширувлар учун йўлланма берилди. Тиббий кўрикда Қува туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида кардиолог, ЛОР, дерматолог, психиатр невропатолог мутахассислари иштирокида лаборатория, ЭКГ ва скрининг текширувлари ўтказилди.

Бундан ташқари, келиб тушган мурожаатлар асосида аҳоли 283 тонна суюлтирилган газ билан таъминланди. Ўзбекистон тумани “Сулаймон” маҳалласидаги аҳоли истеъмолчиларига табиий газ етказиб берувчи ўрта ва паст босимли газ қувурларида таьмирлаш, тартибга келтириш ва бўёқлаш ишлари амалга оширилди.

Электр таъминоти соҳасидаги мурожаатларни ҳал этиш учун жами 2,9 км электр тармоғи тортилди ҳамда янги 2 та трансформатор пункти ва 60 та темир-бетон таянчлар ўрнатилди. Мисол учун, Бувайда тумани “Жалоир” маҳалласида 0,2 км тармоқ тортилди ва “Тепалик” маҳалласида 10 та таянч ўрнатилди.

Ичимлик суви таъминоти бўйича келиб тушган мурожаатлар асосида Фарғона шаҳар “А.Қодирий” мавзесидаги 250 та кўп қаватли уйларнинг ичимлик суви таъминотини узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қувурларни алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қўқон шаҳар “Аччиқкўл” маҳалласидаги 28-сонли сув иншоотида ичимлик суви насоси таъмирланди.

Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+