platina.uz

6 та вазирлик ва 2 та ҳокимиятга тақдимнома киритилди

Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати Platina.uzга маълум қилди.

Жамият
23 январь, 9:53
6 та вазирлик ва 2 та ҳокимиятга тақдимнома киритилди

Қайта алоқа тизимлари фаолиятидаги қонунбузилиши ҳолатлари учун олтита вазирлик ва иккита ҳокимликларга тақдимнома киритилди. Бу ҳақда Аксилкоррупция агентлиги Platina.uzга маълумот берди.

Президентнинг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сон Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотларининг қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш вазифаси юклатилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида йўлга қўйилган қайта алоқа тизимларининг самарадорлиги даражаси, шунингдек, ишонч телефонлари фаолиятининг сифати “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбири орқали ўрганиб борилмоқда.

Бундай тадбирлар орқали қайта алоқа тизимининг самарадорлиги даражаси телефон қўнғироқларга ўз вақтида жавоб берилиши, алоқа рақамлари орқали ариза, таклиф ва шикоятлар қолдириш имконияти яратилганлиги, шунингдек, мурожаат этувчиларга реал вақт режимида ўзлари масъул бўлган соҳага оид тушунтириш ва юридик маслаҳатлар бериш механизми жорий этилганлиги баҳоланади.

Жумладан, 2024 йил 10-16 январь кунлари давомида 21 та вазирлик ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масофавий мониторинг тартибида ўрганилди.

Ўрганишларда қатор вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларда эълон қилинган идоравий алоқа (ишонч телефонлари) рақамлари орқали бир неча бор боғланишга ҳаракат қилинганда, қўнғироқлар жавобсиз қолдирилди.

Айримларида эса “Ишонч телефонлари хизмат фаолияти регламенти”га мувофиқ, телефон қўнғироқларини қабул қилиш узлуксиз (дам олиш кунларисиз) туну кун 24/7 режимида амалга оширилиши тўғрисида маълум қилинган бўлса-да, ўрганиш давомида мазкур алоқа рақамлари ишчи ҳолатда эмаслиги аниқланди.

Шу каби қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича 6 та вазирлик (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Қишлоқ хўжалиги, Транспорт, Энергетика ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ва 2 та вилоят ҳокимлиги (Андижон ва Наманган вилояти ҳокимлиги)га тақдимномалар киритилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+