platina.uz

Покистон кучлари Эрон ҳудудига ҳужум уюштирди

Бу бир кун аввалги зарбаларга жавоб дея талқин қилинмоқда. 

Жаҳон
18 январь, 10:11
Покистон кучлари Эрон ҳудудига ҳужум уюштирди

Покистон Эроннинг ўзига қўшни бўлган ҳудудларидаги нишонларга ҳужум қилди. Бу ҳақда Покистон разведка хизматининг юқори мартабали манбаси AFPга маълум қилган.

Эроннинг IRNA агентлиги маълумотларига кўра, Покистон билан чегарадош Сеистон ва Балужистон вилоятида жойлашган Серавон туманининг бир қанча ҳудудларида портлашлар содир бўлган.

Mehr агентлиги уч аёл ва тўрт бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Вилоят губернаторининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Aлириза Марҳаматининг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари терговни бошлаган.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат армияси “Эроннинг Сеистон ва Балужистон вилоятидаги террорчилар бошпаналарига "юқори даражада мувофиқлаштирилган ва аниқ нишонга олинган бир қатор ҳарбий зарбалар” берганини маълум қилди. Департамент маълумотларига кўра, разведка давомида бир неча террорчи йўқ қилинган.

“Покистон Эрон Ислом Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилади. Бугунги амалиётдан ягона мақсад Покистоннинг ўз хавфсизлиги ва миллий манфаатларини таъминлаш эди, булар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳеч қандай хавф туғдирмайди”, — дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик Покистон халқаро ҳамжамиятнинг масъул аъзоси сифатида БМТ Низоми тамойиллари ва мақсадларини, жумладан, аъзо давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Эрон кучлари Покистоннинг чегарадаги ҳудудларига зарбалар берганди. Экспертларга кўра, Покистоннинг амалиёти шу ҳужумларга жавобдир.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+