"Пахтакор" сотуви вақтинча тўхтатилди
Давактив бунга нима сабаб бўлганини изоҳлади.
Тошкентнинг "Пахтакор" клуби сотилмайдиган бўлди. Бу ҳақда Давактив маълумот берди.
"Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, жорий йилнинг 16-январ куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида "Пахтакор футбол клуби" МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши бўйича оммавий савдо жараёнлари бошланганлиги тўғрисида эълон берилган эди.
Ўтган давр мобайнида жамоатчилик томонидан билдирилган фикрларни ўрганган ҳолда, "Пахтакор футбол клуби" МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши бўйича оммавий савдо жараёнлари вақтинчалик тўхтатилганлиги маълум қилинади" дея маълум қилди агентлик.
17 январ куни Ўзбекистоннинг энг кўп соврин ютган клуби сотувга қўйилгани маълум бўлганди. Шундан сўнг, клуб стадиони ва унинг атрофидаги ерлар ҳам сотилиши ва харидор тайёрлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалганди.