Исроил аскарлари нега мурдаларни ўғирлайди?
Яҳудий давлати Халқаро судга берилгани фонида турли ёқимсиз фактлар юзага чиқмоқда.
Жанубий Африка Республикаси адвокатлари Исроилни Ғазо секторида геноцид уюштиришда айблаб Халқаро судга бергани фонида айрим ёқимсиз фактлар ҳам яна юзага қалқиб чиқмоқда.
Жумладан, Исроил аскарлари фаластинликларнинг мурдаларини ўғирлашда айбланган.
Euro-Med Monitor ҳуқуқбон ташкилоти Исроилни Ғазо секторидаги тиббий муассасалардан фаластинликларнинг мурдаларини ноқонуний ўғирлашда айблаган эди. Мазкур ташкилотнинг турли фактларга асосланиб баёнот беришича, Исроил армиясининг ҳужумлари натижасида 100 минг фаластинлик ўлдирилган, йўқолган ёки яраланган.
Euro-Med Monitor мутахассислари эълон қилган ҳисоботда айтилишича, Исроил паталогоанатомлари бу мурдаларнинг турли органларини кесиб олади ва Исроилдаги органлар банкига жўнатади.
Хусусан, Исроил армияси Ал-Шифо клникаси ҳамда Ғазо сектори шимолидаги Индонезия шифохонасида сақланаётган фаластинликларнинг мурдаларини рухсатсиз олиб кетган.
Шунингдек, Ғазо секторидаги тиббий экспертлар аниқлаган фактларга кўра, исроилликлар қамоққа олган ва озодликдан маҳрум қилган фаластинликларнинг айримлари қийноқларга ва ёмон яшаш шароитларига чидай олмасдан ҳалок бўлган. Уларнинг мурдалари оила аъзоларига қайтарилганида, уларда кўплаб “керакли” органлар – буйрак, жигар, илик ва кўз мугуз пардалари олиб қўйилгани маълум бўлган.
X (аввалги Twitter) ижтимоий тармоғида @Dunian98 аккаунти ёзишича, Исроил фаластинликларнинг териларини йиғиштириб олмоқда.
Унинг таъкидлашича, Исроилда дунёдаги энг катта тери банки мавжуд. Йиғиштириб олинган тери намуналари куйиш асоратлари, саратон ва бошқаларни даволаш учун ишлатилади.
Бу фактни исроиллик паталогоанатомлар ҳам тан олишган.
The Guardian нашрининг ёзишича, исроиллик докторлар оила аъзоларининг розилигисиз фаластинликларнинг органларини йиғиб олганини тан олган.
Исроил патологлар ўлган фаластинликлар ва бошқаларнинг аъзоларини оилаларининг розилигисиз олганини тан олган - бу амалиёт 1990-йилларда якунланган ва 2009 йилга келиб яна орган йиғиб олиш амалиёти давом эттирила бошлаган ва ҳозиргача давом этмоқда.
Бу ҳақда айни исроиллик мутахассислар томонидан махсус ҳужжатли фильм ҳам яратилган.
Исроиллик араб депутати Aҳмад Тибининг айтишича, ҳисоботлар Исроил армиясининг айбларидан гувоҳлик беради.
Бу “можаро” илк марта Тел-Aвив яқинидаги Aбу Кабир суд-тиббиёт институтининг собиқ раҳбари доктор Йеҳуда Хис билан суҳбатда маълум бўлган. Интервю 2000 йилда америкалик академик томонидан ўтказилган ва у Стокҳолмдаги Aftonbladet газетасида чоп этилган ҳисобот юзасидан Исроил ва Швеция ўртасидаги келишмовчилик туфайли уни эълон қилган.
1990-йилларда Aбу Кабир клиникаси мутахассислари Исроил аскарлари, Исроил фуқаролари, фаластинликлар ва чет эллик ишчиларнинг жасадларидан тери, кўз мугуз пардаси, юрак клапанлари ва суякларини кўпинча оила аъзолари ва қариндошларининг рухсатисиз йиғиб юрган.
Исроил ҳарбийлари бу дастур амалиётга татбиқ этилганини тасдиқлади, бироқ "бу фаолият ўн йил олдин тугаган ва энди рўй бермайди", дея қўшимча қилди.
Исроил Швециядан Aftonbladet да чоп этилган мақолани қоралашни талаб қилиб, уни антисемитистик "қонли туҳмат" деб атади. Стокҳолм буни рад этиб, бу мамлакатда сўз эркинлигини бузишини айтди. Кейин эса Швеция Европа Иттифоқига раислик қилаётган пайтда Швеция ташқи ишлар вазири Исроилга ташрифини бекор қилди.
Ҳисс 2004 йилда фаластинликларнинг мурдаларидан аъзоларини кесиб олиб-йиғиш бўйича баъзи тафсилотлар биринчи марта эълон қилинганида ўз лавозимидан четлаштирилган. Аммо у ҳамон суд-тиббиёт институтида ишлайди.
Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги барча органларни йиғиштириб олиш амалиётлари ҳозирда мурданинг қариндошларидан рухсат олган ҳолда амалга оширилганини айтди.
Қисқа қилиб айтганда, Исроил армияси Ғазо сектори аҳолисига ўз истаганидек муносабатда бўлмоқда. Уларнинг қўлини “жиловлайдиган”, инсониятга қарши жиноятлари учун жазога торта оладиган бирор куч йўқлиги шунга сабаб бўляпти.
Маълумки ҳар қандай таълимотда ҳатто душманнинг мурдаси ҳам ҳурмат қилинади. Масалан, япон яккакураш санъатларида ғолиб чиққан курашчи рақибини ўлдириб қўйса, унинг мурдасига ҳурмат билан муносабатда бўлгани ва уни ҳурмат билан дафн этишларига эришган.
Бироқ Исроил армияси шгу қадар ваҳшийлашиб кетганки, ҳатто айбсиз ва қуролсиз қурбонларининг ўлигини ҳам хор қилмоқда. Бирор эътироз билдирилса, “биз 1940 йилларда фашистлардан жабр кўрганмиз, биз нима қилсак ҳам ҳаққимиз бор, агар бизга қарши бўлсанг - демак антисемит жиноятчисан”, қабилида жавоб беришади.
Бу ҳолатларни кузатиб, ҳозир “трендга” чиққан бир “мем” ёдимизга тушади: “Сен бир қийналмагин экан-да!”.