НАТО ўринбосари: "Украина можароси 2025 йилда ҳам тугамайди..."
Амалдор узоқ муддатли урушга тайёрланишга чақирди.
НAТО бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэнинг фикрича, Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро 2025 йилда ҳам давом этиши мумкин. Шу билан бирга, у НAТО давлатлари мамлакатнинг мудофаа қобилиятини таъминлаш учун Украинага ёрдам беришда давом этишини таъкидлади.
“Менинг чақирувим узоқ урушга тайёрланиш бўйичадир, у ҳали давом этади. Унинг тугаши 2024 йилда, эҳтимол 2025 йилда ҳам содир бўлмайди. Биз ҳеч қаерда у ёки бу тарзда ҳал қилувчи ғалабага эришиш учун ҳарбий қобилиятни кўрмаяпмиз. Биз кичик ҳужумлар, қарши ҳужумлар, ҳудудларни босиб олиш ва йўқотиш билан узоқ давом этадиган урушни кутмоқдамиз”, деди Жоанэ Руминиянинг Digi24 телеканалига берган интервюсида.
Мирча Жоанэнинг сўзларига кўра, НAТО AҚШ Конгресси ҳали ҳам Украина учун маблағ ажратилишини маъқуллашига ишонади. У шунингдек, Украина иттифоқчиларининг Киевга молиявий ёрдам кўрсатиш борасида ҳеч қандай муаммо кўрмаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил июлида Вилнюсда бўлиб ўтган НAТО саммитида алянсга аъзо давлатлар Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилди, хусусан, Украина армиясини модернизация қилиш ва НAТО стандартларига тўлиқ ўтиш учун йилига 500 миллион доллар ажратади. Бундан ташқари, мамлакатлар Украинанинг НAТОга кириш йўлини соддалаштиришга келишиб олдилар.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Ўзбекистонга таҳдид хусусида гапирганди.