Пентагон раҳбари "сирли тарзда" даволаниб чиққани маълум бўлди
Унинг нима сабабдан даволангани айтилмаяпти, бу эса норозиликларга сабаб бўлди.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин соғлиғидаги муаммо туфайли 1 январ, душанбадан бери шифохонада даволангани маълум бўлди.
Пентагон бу ҳақда жума, 5 январ куни вазирнинг шифохона ётиши сабабини айтмаган ҳолда эълон қилди, дея ёзади "Америка овози".
70 ёшли Остин АҚШ армиясида президент Жо Байдендан кейин иккинчи қўмондондир ва у мамлакат сиёсатида муҳим ўрин тутади.
Пентагон баёнотида айтилишича, Остин "яқинда ўтказилган тиббий муолажадан кейин асоратларни бошидан кечирган". Шу билан бирга, ҳарбий идорада қандай тартиб муҳокама қилинаётгани ва вазир қандай асоратларга дуч келгани ҳақида маълумот бермади.
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер: "У тузалиб кетди ва бугун тўлиқ хизматга қайтишни кутмоқда" дея баёнот берди. Пентагон Журналистлар Уюшмаси ҳарбий амалдорларга йўллаган мактубида Мудофаа вазирлиги махфийлигини қоралаб чиққан.
Журналистларнинг фикрича, Остин йирик жамоат арбоби бўлиб, унинг аҳволи махфий бўлмаслиги керак.
“Яқин Шарқда америкалик ҳарбий хизматчиларга таҳдид кучаяётган ва Қўшма Штатлар Исроил ва Украинадаги урушларда муҳим рол ўйнаган бир пайтда, Америка жамоатчилиги унинг соғлиғи ҳақида хабардор бўлиши жуда муҳим", - дейилади мактубда.
Мактубда таъкидланишича, ҳатто АҚШ президентлари тиббий муолажалар учун ҳисобот беришади.