Шавкат Мирзиёев армиянинг жанговар ҳолатини муҳокама қилди
Бугун мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев бугун, 2 январ куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши ўтказди.
Йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшинларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги, бошқарув органлари, бирлашмалар, қўшилма ва қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича бажарилган ишлар юзасидан мудофаа вазирининг ҳисоботи тингланди.
Йиғилишда 14 январ куни нишонланадиган Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирларини юксак савияда тайёрлаш ва ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.