Марказий банк автокредит бўйича чеклов йўқлигини маълум қилди
Сўнгги йилларда банклар ажратган кредитлар таркибида автокредитлар улуши кескин ортган ва натижада концентрация таваккалчиги вужудга келган
Марказий банк банклар томонидан автокредитлар ажратилишини тақиқламайди ва таклиф этилаётган фоиз ставкалари ошишига таъсир кўрсатмайди.
Марказий банк 12 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда банкларнинг кредит портфелида концентрация таваккалчилиги ҳолати юзасидан қарор қабул қилган.
Сўнгги йилларда банклар ажратган кредитлар таркибида автокредитлар улуши кескин ортган ва натижада концентрация таваккалчиги вужудга келган. Бу эса мазкур йўналишда юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишлар банклар барқарорлигига таъсирини оширган.
Шу муносабат билан омонатчилар ва кредиторлар манфаатлари ҳимоя қилиниши, эҳтимолий таваккалчиликларнинг банклар барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш мақсадида Марказий банк банк назорати қўмитаси қарори билан тижорат банкларига кредит портфелининг диверсификация қилинишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.
Бунда банклар “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, активлари бўйича йўқотишларга оид таваккалчиликни камайтириш мақсадида ўз активларининг диверсификация қилинишини таъминлаши кераклиги белгиланди.
Шунингдек, Марказий банк банклар фаолиятига таъсир кўрсатувчи таваккалчиликларни аниқлаганда, уларнинг барқарорлигини сезиларли даражада ёмонлаштирувчи таваккалчиликларга сабаб бўладиган айрим молиявий операцияларни амалга оширишда айрим чекловлар қўлланилиши мумкин.
Регуляторга кўра, барча банкларда автокредитлар ажратиш имкониятлари бор.