Прокуратура ИИББдан ўлиги чиққан шахс бўйича баёнот эълон қилди
ИИББ эса марҳум кутилмаганда ҳушини йўқотиб вафот этганини иддао қилмоқда.
Бош прокуратура ИИББ биносида тўсатдан вафот этган шахс юзасидан баёнот берди.
Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан 2023 йилнинг 12 август куни тезкор-қидирув тадбири доирасида босқинчилик ва бошқа жиноятлар учун гумонланиб олиб келинган фуқаро Д.У. шу куни ИИББ маъмурий биносида вафот этган.
Д.У.нинг ўлими сабабини аниқлаш юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Д.У.нинг вафоти юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш зарурати туғилганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 235 (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди, дейилади маҳкама хабарида.
Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИИББ мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берганди. Унга кўра, "у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтиб, тўсатдан йиқилиб ҳушини йўқотган ва тез ёрдам хизмати етиб келгунга қадар вафот этган". Бирламчи ташхисга кўра гумонланувчининг ўлими “Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги” оқибатида юзага келган.
Телеграмда кузатиб боринг!