Исроил Ўзбекистонда бюро очишни кўзлаяпти
Икки давлат экспертлари ўртасида мақсадли ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилган.
![Исроил Ўзбекистонда бюро очишни кўзлаяпти](https://cp.platina.uz/media/CACHE/images/640px-Israel_Central_Bureau_of_Statistics.9c2ff3dee05a.webp)
Исроилнинг Халқаро тараққиёт ҳамкорлик агентлиги Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича экспертиза бюросини очиши мумкин.
Тел-Авивда сафарда бўлиб турган Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев ва Исроил қишлоқ хўжалиги вазири Ави Дихтер ўртасидаги учрашувда ушбу масала муҳокама қилинган.
Шунингдек, учрашувда замонавий сув хўжалигини ривожлантириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва Исроилнинг илғор тажрибаларини ўрганиш юзасидан фикр алмашилган. Икки давлат экспертлари ўртасида мақсадли ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилган.
Ўзбекистон делегацияси Исроилнинг сув ресурсларини бошқариш ва тартибга солиш соҳасидаги ташкилот ва корхоналар фаолияти билан ҳам танишган. Хусусан, Исроил давлат сув таъминоти ва канализация бошқармасида Ўзбекистон томони Исроилнинг “Мекорот” миллий компанияси бошқарувидаги “Шафдан” оқова сувларини тозалаш иншооти фаолияти билан танишган.
Бир қатор корхоналар оқова сувларни тозалаш, сақлаш ва сув истеъмолчиларининг асосий гуруҳлари ўртасида тақсимлаш, сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ирригация соҳасида инновацион ечимлар бўйича ўз тажрибаларини тақдим этган.