ИИВ ва Бермуд учбурчаги: Миранда қоидаси қачон ҳақиқатга айланади?

Шунча норозиликларга ва дод-войларга қарамасдан, бирор ислоҳот ўтказишга ярамаётган, давлат раҳбари таъбири билан айтганда, “истаса столбани ҳам қамаб қўяверадиган” шароитга йўл қўйиб бераётган масъуллар яна қанча вақт ўлимларга сабаб бўлади?

Мақола
7 июнь 2023 йил
ИИВ ва Бермуд учбурчаги: Миранда қоидаси қачон ҳақиқатга айланади?

Ҳолливуднинг детектив ёки жангари фильмларини кўрган одам қулоғига бир жумла тез-тез чалиниб туради: “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Айтганларингиз судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин”. Ҳатто аниқ жиноят устида қўлга тушган гумонланувчига ҳам шу сўзлар аниқ ва эшиттириб айтилади ва бу мажбурият. Бу “Миранда қоидаси” деб аталади.

Маълумот учун: “Миранда қоидаси” – бу машҳур ибора бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган Эрнесто Артуро Миранда исмли АҚШ фуқаросининг номи билан боғлиқ.

АҚШ адлия тизимини ўзгартирган қоида

1966 йилда бир неча жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Эрнест Мирандага сўроқ қилинишдан олдин унинг гумондор сифатидаги ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмагани боис, айбига иқрор бўлиб, кўрсатма берган. Бу кўрсатмалардан унинг айбига иқрор эканини исботлаш учун фойдаланилган. Бироқ кейинчалик Эрнест Артуро Миранданинг 73 ёшли адвокати Элвин Мур АҚШ Олий судига шикоятнома киритган. Ушбу шикоятнома асосида ҳибсга олиш ва тергов пайтида Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмагани боис, унга нисбатан Аризона суди чиқарган ҳукм АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинишига эришган.

Бунинг ортидан АҚШ Олий суди қарори билан ўзига қарши гувоҳлик бермаслик қоидасини (лат. nemo tenetur se ipsum accusare) таъминлаш мақсадида бу юридик талаб расман қонунчиликка киритилди. Шу тариқа америкалик рецидивист жиноятчи бутун АҚШ адлия тизимига ўзгартириш киритилишига сабабчи бўлган.

Чунки АҚШ Конституциясига киритилган 5 ва 6-қўшимчаларда ҳеч ким жиноий ишларда ўзига ўзи қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиниши; ҳеч бир шахс қонуний судда кўрилмай ҳаёти, эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эга экани, у ўзига қарши кўрсатма бераётган гувоҳлар билан юзма-юз учрашиши, ўзи томонидан гувоҳларни мажбуран келтириш ёки ўз ҳимояси учун адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

1966 йилда юз берган ушбу низоли ҳолатдан кейин “Миранда қоидаси” дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумонланувчи ва айбланувчига албатта айтиб ўтилади:

“Сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, давлат томонидан бепул адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”

Агар АҚШ фуқароси бўлмаса...

Албатта, бу иборалар турли штатларда бироз фарқланиб туради. Мексика билан чегарадош штатларда (Техас, Нью-Мексико, Аризона, Калифорния) АҚШ фуқароси бўлмаган шахсларга ўз мамлакати консули билан боғланиши мумкинлиги қўшимча қилинади:

“Агар сиз АҚШ фуқароси бўлмасангиз, барча саволларга жавоб беришдан аввал ўз мамлакатингиз консули билан гаплашиб олиш ҳуқуқига эгасиз”.

Исталган пайтда жавоб беришдан бош тортиш ҳам мумкин

Айрим штатларда, масалан, АҚШнинг Виржиния штатида стандарт матнга қуйидаги жумла ҳам қўшилади: “Сиз исталган пайтда саволларга жавоб беришдан бош тортишингиз мумкин”. Шу тариқа сўроқ қилинаётган шахсга АҚШ Конституциясидаги 5-қўшимчага мувофиқ, саволларга жавоб беришга рози бўлиш берилган ҳуқуқлардан воз кечиш кераклигини англатмаслиги эслатиб қўйилади.

Америкадан ташқаридаги “Миранда қоидаси

“Миранда қоидаси”га ўхшаш юридик талаб АҚШдан бошқа давлатларнинг ҳам қонунларида ўз аксини топган. Масалан, Австралияда бу қоида умумий ҳуқуқ меъёрларига асосланади:

“Агар сиз бирор нарса қилиш ёки айтишни истамасангиз, бунга мажбур эмассиз. Ҳар қандай ҳаракатингиз ёки гапингиз далил сифатида фойдаланилиши мумкин. Ҳаммасини тушундингизми?”

Буюк Британияда эса 1984 йилда қабул қилинган “Полиция ва жиноят ишларида далиллар ҳақида”ги қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, полиция ходими ҳибсга олинган шахсни ўша заҳоти нега ҳисбга олинганини тушунтириши лозим. Огоҳлантириш матни эса доим бир хил ва полиция ходими ҳибсга олинган шахс билан ҳар бир (!) мулоқот олдидан такроран ўқиб эшиттирилади:

“Сиз ҳеч нарса айтишга мажбур эмассиз. Бироқ судда айтмоқчи бўлган гапингизни тергов пайтида айтмасангиз, ҳимояланиш жараёнингизга зарар қилиши мумкин. Барча айтган гапларингиз далил сифатида фойдаланилиши мумкин”.

Мазкур талаб қатор давлатлар конституцияларида (Нидерландия, Испания, Греция, Хорватия, Словения, Россия, Грузия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ва бошқалар) мустаҳкамланган.

Ўзбекистонда-чи?

Таъкидлаш керак, “Миранда қоидаси” Ўзбекистоннинг Жиноят-процессуал кодексининг бир неча, хусусан, 23-, 46-, 48-, 50-моддаларида ифодасини топган. Аммо унга риоя этиш қониқарли бўлмаган. Бу қоидани қўллаш механизмлари мукаммал бўлмагани боис, айрим ҳолларда бу талабларга эътибор берилмас эди. Президент таклифи билан бу қоида Конституцияга киритилгани энди юридик талабга эътиборни оширади.

Таҳлиллар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётганини кўрсатмоқда.

Натижада, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим. Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман”, деган эди давлат раҳбари.

Шу асосларга кўра мазкур қоида янги конституциямиздан ҳам жой олди (27-модда). Конституцияга бефарқ бўлиш эса яхшиликка олиб келмайди.

Хавотир уйғотаётган аниқ ҳолатлар

Аммо шунга қарамай, сўнгги пайтларда тергов вақтида гумонланувчиларнинг вафот этаётгани жамоатчиликда асосли хавотир уйғотмоқда.

Масалан, 2022 йилда Жазони ижро этиш департаментига қарашли 3-сонли изоляторда Санжарбек Мамажонов қийнаб ўлдирилган. Бу иш бўйича Андижон вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 12 нафар ходими жазосини олган.

Шу кеча кундузда барчанинг эътиборини тортган яна бир ҳолат – Тошкент вилояти Бўка туманида ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган У.С. қийнаб ўлдирилди.

Айбдорлар кўпинча “сувдан қуруқ чиқишади”. Аввалига ИИВ марҳумнинг ўзини айбдор қилган бўлса-да, Прокуратура аралашганидан кейин айбини тан олди. Тошкент вилояти Бўка туманида терговга жалб қилинган шахс қийноққа солингани расман тасдиқланди.

Воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Омбудсман ҳам “давлат сиёсатига қарши туриб, ўз хизмат фаолиятида руҳий ва жисмоний қийноққа йўл қўяётган “ходимлар” бор экан, фуқароларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик юзага келишини” билдирди.

Ички ишлар “Бермуд учбурчаги”га айландими?

Хорижда полиция – халқ хизматкори, халқ берган пул эвазига уни ҳимоя қилади. Ривожланган давлатларда бошга иш тушган ёки адашган одам формали ва шапкалиларни кўриб қолса, қувониб кетади, югуриб бориб ёрдам сўрайди, уларни яхши кўради. Ўзбекистонда эса аҳоли формалиларни ҳурмат қилиш уёқда турсин, улардан вабодан ё моховдан қўрққандек қочади. Ўзбекистонда айрим формалилар халқ берган пул эвазига халқ вакилларини қийнаб ўлдиришдан бошқасига ярамаяпти негадир.

Ҳибсга олинган шахсларнинг қийноққа солиниб, уриб ўлдириш ҳолатлари кўпайгани боис ижтимоий тармоқларда ички ишлар идораларига “Бермуд учбурчаги” деб ном беришди. Яъники, кирган одам ё ўлади, ё изсиз йўқолиб қолади.

Эҳтимол фуқароларни қийнаб, уриб ўлдираётган ваҳший ҳайвонларга “Миранда қоидаси” нафақат қонунларимизда, балки янги Конституцияда ҳам мавжудлигини эслатиб қўйиш керакдир?

“Истаса столбани ҳам қамаб қўяверадиган” тизим ислоҳга муҳтож

Ягона йўл — тизимни тубдан янгилаш. Шунча норозиликларга ва дод-войларга қарамасдан, бирор ислоҳот ўтказишга ярамаётган, давлат раҳбари таъбири билан айтганда, “истаса столбани ҳам қамаб қўяверадиган” шароитга йўл қўйиб бераётган масъуллар яна қанча вақт ўлимларга сабаб бўлади?

Қолаверса, “Миранда қоидаси”ни ҳар бир уй пештоқига ёки ҳамма китоб-дафтарларнинг муқовасига ёзиб қўйган билан ҳеч нарса ўзгармайди. Қонун устуворлиги таъминланмас экан, қандайдир баландпароз шиорлар ва турфа қонун-қоидалар чиқаришдан фойда йўқ. Бу худди қорни оч одамнинг олдига овқат қўйиб, оғзини елимлаб, қўлини кишанлаб қўйишдек гап.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+