Қизилтепа ҳокимининг ноқонуний бизнеслари расман тасдиқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Platina.uz нашри юборган сўровни ўрганиб чиққан.
Жамият
13 июнь 2023 йил
Platina.uz нашри Қизилтепа тумани ҳокими Улуғбек Файзиевнинг қонунларга зид равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани ҳақида ёзиб, бу бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигига сўров юборганди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги сўровимизни ўрганиб чиққан. Ўрганиш давомида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” ва “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя этилмагани аниқланган.
Хусусан, Қизилтепа ҳокими У.Файзиев:
- 2006 йил 29 ноябрда рўйхатдан ўтказилган “Zarafshon Golden Group” МЧЖ;
- 2017 йил 10 ноябрда рўйхатдан ўтказилган “G’ani Bobo Chorvasi” фермер хўжалиги;
- 2012 йил 26 сентябрда рўйхатдан ўтказилган “Zarafshon Grand Invest” МЧЖ таъсисчиси экани маълум бўлган.
Агентлик йўл қўйилган ушбу қонун бузилишларини бартараф қилиш тўғрисида Навоий вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритганини ёзган.