Сингапур президентининг илк ташрифи қандай ўтди?
Сингапур президенти Ҳалима Ёқубнинг Ўзбекистонга биринчи расмий ташрифи доирасида бир қатор келишувлар, шартномалар имзоланди.

Бугун, 24 май куни “Кўксарой” қароргоҳида Сингапур президенти Ҳалима Ёқубни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни кутиб олди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.
Сўнг давлат раҳбарларининг музокаралари бўлиб ўтди. Учрашувда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Сингапур бозорига етказиб берилишини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, Давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапурнинг давлат бошқаруви ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги тажрибасини жорий этилади.
Шу куни Шавкат Мирзиёев ва Ҳалима Ёқуб ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Ташриф давомида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасида 2023-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Сингапур Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Сингапур Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ва Сингапур Республикаси Савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Сингапур туризм бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ва Сингапур туризм агентликлари миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Сингапур ҳамкорлик агентлиги ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги қўшма фаолият тўғрисида ҳамкорлик битими;
- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва Сингапур Республикаси Бизнес федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум.
Ўзбекистон-Сингапур саммити якунида “Кўксарой” қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди. Президентлар Фахрий меҳмонлар хиёбонида арча экдилар.