Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси огоҳлантириш эълон қилди
Ушбу мамлакатда тамаки қиздирувчи қурилмалар (IQOS ва бошқалар) ҳамда электрон сигареталар билан боғлиқ қоидалар кучайтирилди.

Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси фуқароларни огоҳлантирди.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Сингапурда тамаки маҳсулотларини қиздирувчи қурилмалар (IQOS ва бошқалар) ҳамда электрон сигареталар (вейплар), айниқса, “К-подс” туридаги ва таркибида этомидат мавжуд бўлган вейпларга қарши янада қатъий қонунчилик чоралари кучга кирди.
Электрон сигареталар ва тамакини қиздирувчи қурилмалар Сингапурда вейплар ва шунга ўхшаш қурилмаларни олиб кириш, сотиш, сақлаш ва фойдаланиш мутлақо тақиқланади.
- Сақлаш ёки чекиш учун – 2 000 сингапур долларигача жарима.
- Сотиш ёки олиб кириш учун – 10 000 сингапур долларигача жарима ва/ёки 6 ойгача қамоқ (такрорий ҳолларда – 20 000 сингапур долларигача ва/ёки 12 ойгача қамоқ).
- Такрорий ҳолларда мажбурий реабилитация ва кейинчалик жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин.
Этомидат ва “К-подс”
Сингапур “К-подс” туридаги вейпларни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қурилма сифатида баҳолайди, этомидат эса расмий равишда С синфдаги гиёҳванд моддалар рўйхатига киритилган.
- Сақлаш ёки истеъмол қилиш учун – мажбурий кузатув ва реабилитатсия дастури; такрорий ҳолларда жиноий жавобгарлик.
- Контрабанда учун – 3 йилдан - 20 йилгача қамоқ ва 5 тадан 15 тагача қамчин жазоси.
- Сотиш ва тарқатиш учун – 2 йилдан - 10 йилгача қамоқ ва 2 тадан 5 тагача қамчин жазоси.
Мухим эслатма:
Қонун Сингапур фуқароларига ҳам, хорижликларга ҳам, шу жумладан талабалар ва иш визаси эгаларига ҳам бирдек татбиқ этилади. Қонун бузилиши қуйидагиларга олиб келиши мумкин:
- қўлга олиниш ва озодликдан маҳрум этиш;
- катта миқдордаги жарималар;
- депортация ва мамлакатга қайта кириш ҳуқуқидан маҳрум этиш.
Ўзбекистон фуқароларига электрон сигареталар ёки шунга ўхшаш қурилмаларни Сингапурга олиб кириш ва улардан фойдаланишдан қатъий равишда воз кечиш тавсия этилади.