Ўзбекистонликларга “сигнал” берган ташриф
Асъасаю, дабдабадан холи президент, ижтимоий адолат устувор ва коррупциясиз жамият

2023 йил, 23 май. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг доимий йўналишларга қатновчи оддий фуқаролик борти Тошкент аэропортига қўнди. Ҳар куни бунга ўхшаган ўнлаб самолётлар заминимизга қўнса-да, айнан шу “темир қуш” ватанимиз тарихида янги ва муҳим саҳифани очиб берди.
Чунки бу самолётда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон президенти 2023 йил январ ойида Сингапурга уюштирган ташрифи чоғида Ҳалима Ёқубни юртимизга таклиф этган, хоним бу таклифни қабул қилган эди.
Президентлар ва қиролларнинг алоҳида самолётларда, асъасаю-дабдаба билан келишларига ўрганиб қолган кўзлар учун бу ғайритабиий туюлар, аммо Сингапур раҳбарлари учун бу одатий ҳол. Зеро, Сингапур давлатининг асосий давлатчилик тамал тоши ана шу унсур – халқ билан бирдамлик, тенглик ва халқ пулини тежаб-тергаб сарфлаш тамойили устига қурилган. Халқ берган лавозим имтиёз эмас, масъулият эканини, юқори даражадаги амалдор шунчаки халқ пулига ёлланиб ишлаб берувчи хизматкор эканини кўрсатувчи яққол ва жонли мисол бу. Ҳатто ташриф давомида белгиланган Самарқанд зиёратига ҳам Ҳалима Ёқуб поездда борди.
Сингапур давлат бошқаруви
Шу ўринда айтиш керак, Сингапурда президент мутлақ ҳокимиятга эга эмас. Мамлакат парламентар республика ҳисобланади. Бошқарувнинг асосий жилови бош вазир қўлида ва президент рамзий раҳбар ҳисобланади. Аммо бу Сингапур давлати ўз президентига самолёт олиб беришга қодир эмас, деган маънони англатмайди. Сингапур шу қадар бой давлатки, истаса ҳар бир амалдорига алоҳида самолёт ажратиши мумкин. Лекин президент Ҳалима Ёқубнинг ўзи анъаналарга амал қилади ва ортиқча харажатлардан қочади.
Сиёсатчи ва иқтисодчиларни ҳайратга солаётган “Сингапур мўъжизаси”
Малайзия ва Индонезия орасида, савдо учун қулай жойда, гавжум кема йўллари ўтадиган тор бўғоз бўйнида жойлашган шаҳар-давлат Сингапурнинг қисқа давр ичида коррупциядан холи ривожланган давлатга айланишининг сабаб ва омиллари кўп ўрганилган. Бугунги Сингапурнинг вужудга келишида унинг “асосчи ота”ларидан бири, 1959-1990 йиллар давлатни бошқарган биринчи бош вазири Ли Куан Ю(1923-2015)нинг хизматлари катта. Ли Куан ўз бошқаруви даврида Сингапурни Буюк Британиянинг қолоқ бир мустамлакасидан барқарор ривожланиб бораётган бой давлатга айлантира олди. Унинг “Сингапур: учинчи дунёдан биринчи дунёга” китоби эса ривожланаётган давлатларнинг турли тараққиёт йўлларини қиёслаб кўришлари ва керакли жиҳатларидан намуна олишлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ли Куан шакллантирган “Сингапур мўъжизаси” мана бир неча ўн йилдирки, сиёсатчи ва иқтисодчиларни ҳайратга солиб келмоқда.
Ли Куан мамлакатда чуқур ислоҳотларни бошлаб, охирига етказа олди. Натижада коррупцияга тўла барҳам берилди, халқнинг сиёсий ва ижтимоий маданияти ошди, мериократик, юқори самарадор ва коррупциядан холи ҳукуматнинг янги универсал тизими яратилди.
Бу қандай тизим?
Бу шундай тизимки, уни қўлда бошқариш шарт эмас, яъни юқоридан дўқ-пўписа ва ҳар бир алоҳида муаммога раҳбарлар аралашуви талаб этиладиган бошқарувнинг ғирт акси. Бу шундай тизимки, ҳатто раҳбар ўлиб қолса ҳам, раҳбарлик муддати тугаса ҳам, ҳайдалса ҳам, қамалса ҳам, деярли ҳеч нарса ўзгармайди. Бутун давлат механизми мурватлари мойланиб, тўғри созланган соат каби бир маромда ишлашда давом этаверади. Раҳбарлар бутун сиёсатни белгиламайди, балки унинг бир қисми, муҳим мурвати ҳисобланади холос.
Ҳа, Сингапурда мериократик бошқарув ўрнатилган. Яъни муносиб одамлар давлатни бошқаради. Миллати ва келиб чиқиши, раҳбарга қанчалик садоқатли экани, қайсидир амалдорнинг севимли фарзанди эканига қаралмайди. Тегишли лавозимларга шу вазифани уддалай оладиган, етарли билим ва тажрибага ҳамда аниқ мақсадларга эга одамлар тайинланади.
Бундай тузум жамиятдаги ҳар қандай индивид учун тенг имкониятлар беради. “Социал лифт” яхши ишлайди, ижтимоий мобиллик чекланмайди. Ҳар ким қобилияти, билим ва тажрибаси, энг муҳими, меҳнатига яраша вазифалар билан шуғулланади. Барчанинг ҳаракат ва интилишлари йиғилиб, ягона мушт каби фақат бир мақсадга – мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилади. Бундай сиёсат Сингапурда ўз самарасини берди. 1965 йилда Малайзиядан ажралиб чиқиб, мустақилликка эришган ушбу мамлакат аҳолиси анча фаровон яшайди. Камбағалликка барҳам берилган.
Сингапур Токиодан кейин дунёдаги энг хавфсиз давлат ҳисобланади. 63 та оролдан иборат Сингапур ҳудуди Тошкент шаҳри майдонидан атиги 2 баравар катта — 734,3 км² га тенг, аҳолиси салкам 7 миллион киши. Лекин номинал ЯИМ 372 миллиард доллар бўлиб, Ўзбекистон ЯИМдан (91, 9 миллиард доллар) деярли 4 баравар кўп.
Ҳалима Ёқуб – ижтимоий адолат тимсоли!
Сингапур президенти Ҳалима Ёқуб мусулмон аёл. Уни Сингапурдаги ижтимоий адолат тимсоли ва самараси, деса бўлади. Ҳалима камбағаллик ва йўқсил оилада катта бўлган. Амалдор ва бой қариндошлари бўлмаган. Диний эътиқоди, миллати ва жинсига қарамасдан ўз билими ва ҳаракати туфайли давлат раҳбари даражасига чиқа олган.
Ҳалима Ёқуб зиёрати олдидан журналистларга берган интервьюсида “Бир мусулмон аёл сифатида Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш ва уни қайта таъмирлаш лойиҳаси билан танишишни сабрсизлик билан кутяпман. Имом ал-Бухорий – пайғамбаримизнинг саҳиҳ ҳадисларни саралаб китобга жамлаган машҳур олимдир. Ҳадислар динлараро мулоқотлар учун ҳам муҳим қимматга эга. Чунки ҳадислар бошқа динларга нисбатан бағрикенгликни тарғиб этади. Бошқа дин вакиллари билан ҳурмат ила муносабатда бўлишга чақиради”, деган Ҳалима Ёқуб.
Манфаатлар қандай?
Хўш, давлатимизнинг Сингапур билан алоқаларни мустаҳкамлашидан нима манфаат бор? Ушбу давлат сафари бизга нима беради?
Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирган. Ҳозирда Сингапурнинг “Indorama”, “MeinhardtGroup”, “FranklinTempleton”, “Enercon”, “PSA”, “ChangiAirport” ва бошқа етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Сингапур президентининг юртимизга ташрифи давомида етти муҳим ҳужжат:
- Ўзбекистон ҳукумати ва Сингапур ҳукумати ўртасида 2023-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ва Сингапур ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон адлия вазирлиги ва Сингапур адлия вазирлиги ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон маданият ва туризм вазирлиги ва Сингапур савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Сингапур туризм бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон маданият ва туризм вазирлиги ва Сингапур туризм агентликлари миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Сингапур ҳамкорлик агентлиги ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги қўшма фаолият тўғрисида ҳамкорлик битими;
- Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва Сингапур бизнес федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Сингапур президенти, шунингдек, Тошкентда “Ўзбекистон-Сингапур” икки давлат бизнес-форумининг очилишида қатнашди. Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Сингапур ишбилармон доираларини қизиқтирган қатор йўналишлар бўйича мустаҳкам инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.
Ўз навбатида, Сингапур президенти Ҳалима Ёқуб сармоявий, савдо-иқтисодий ва саноат кооперациясидаги шериклик устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Сингапур президенти олий даражадаги ўзаро ташрифлар натижаларини юқори баҳолаб, муҳим йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди.
Шу билан бирга, ташриф доирасида ўтказилаётган муҳим тадбирларда икки давлат парламентлари ўртасида алоқаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, давлат хизматчиларининг касбий ва бошқарув салоҳиятини оширишда Сингапурнинг илғор тажрибасини ўрганиш ниҳоятда муҳимлиги таъкидланди. Бир сўз билан айтганда, Сингапур резидентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи шунчалик меҳмондўстлик ва бир ҳовуч ютуқлари билан мақтаниш шоусига айланмади. Аниқ мақсадлар ва режалар кўрсатилган, самарадор шартномалар имзоланди.
Бу ҳужжатлар амалга татбиқ этилса, юртимиз тараққиёти учун катта улуш қўшиши шубҳасиз. Бироқ улар “бошига” тантана билан имзоланиб, халққа кўз-кўз қилиниб, кейин тортмага солиб қўйилган ҳужжатлар тақдири тушса, шунча вақт ва ресурс исроф бўлгани қолади, холос. Бу эса биз ҳавас қилаётган ва ўрнак олмоқчи бўлаётган Сингапур сиёсий фалсафасига мутлақо зид келади.
Икки муҳим йўл!
Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Сингапур билан алоқаларда асосан иқтисодий манфаатдорлик, жумладан, инвестициялар жалб этиш, Ўзбекистон мева-сабзавотларини Сингапур бозорига етказиш, таълим, туризм ва маданий соҳаларда ўзаро алмашувларни йўлга қўйишга асосий эътибор қаратилди. Ва энг муҳими, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида Сингапурга суяниш мумкинлиги эътироф этилди.
Намуна олса арзийдиган “Сингапур мўъжизаси”нинг асосчиси Ли Куан Юнинг машҳур бир гапи бор: “Олдимда икки йўл бор эди. Биринчиси – ўғирлик билан давлатни талаб, дўстларим ва қариндошларимни “Форбс” миллиардерлар рўйхатига қўшиш, лекин халқимни оч ва яланғоч қолдириш. Иккинчиси – халқимга хизмат қилиб, мамлакатимни энг яхши мамлакатлар ўнталиги қаторига қўшиш. Мен иккинчисини танладим”.
Хулоса ўзингиздан!
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.