Гулнора Каримованинг 240 млн долларлик сирли бойлиги ошкор бўлди

Аввалроқ Адлия вазирлиги Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги активлари қиймати 1,3 млрд долларни ташкил этишини маълум қилганди.
Жамият
14 март 2023 йил
Гулнора Каримованинг 240 млн долларлик сирли бойлиги ошкор бўлди

Гулнора Каримова жиноий йўл билан ўзлаштирган маблағлари эвазига Буюк Британиядан тортиб Гонконггача уй-жой, вилла ва самолёт сотиб олгани ҳақида янги маълумотлар чиқди.

Янги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова турли фирмалар орқали Буюк Британия, БАА, Швейцария, Франция ва Гонгконгда жами қиймати 240 млн долларлик камида 14 та кўчмас мулк сотиб олган. Улар орасидан квартиралардан тортиб қасрларгача бор.

Лондон ва унинг атрофидаги 50 миллион фунт қийматдаги 5 та мулк, Букингэм саройи ғарбий томонида ва Белгравиядаги квартиралар, Мэйфей ва Суррейдаги 18 миллион фунтлик алоҳида кўли бор уйлар шулар жумласидан. Каримова қамалишидан олдин 2013 йилда Белгравиядаги иккита квартира сотилган. Қолган кўчмас мулклар эса 2017 йилда Британия ҳукумати томонидан музлатилган.

Каримованинг эри Рустам Мадумаров ва унинг шериклари расмий ҳужжатларда Виржиния ороллари, Гибралтар ва Британияда жойлашган компанияларнинг "бенефициар эгалари" сифатида қайд этилган. 2010 йил июль ойида SH Landes бошқа бир компанияни рўйхатдан ўтказишга уриниб, 40 миллион долларга (33 миллион фунт) шахсий самолёт сотиб олгани айтилади.

Гулнора Каримова Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015-2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган. Прокурорлар уни 12 мамлакат, жумладан, Буюк Британия, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларидаги 1 миллиард доллардан ортиқ маблағларни назорат қилган жиноий гуруҳнинг аъзоси бўлганликда айблаган.

2019 йил мартда яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбуриятларини бажармагани учун яна колонияга қайтарилган. 2019 йил августда эса унга нисбатан янги айбловлар қўйилган.

2019 йил декабрда Каримовага республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳ аниқланган. Бош прокуратура "бузғунчилик характеридаги ҳаракатлари" учун Каримованинг хорижий адвокати Грегуар Манжанинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаб қўйганди.

Аввалроқ Адлия вазирлиги Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги активлари қиймати 1,3 млрд долларни ташкил этишини маълум қилганди.

Заҳириддин

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+