platina.uz
Жамият

Гулнора Каримованинг қўлга олиниши жараёни бўйича расмий баёнот эълон қилинди

"Гулнора Каримованинг 2014 йилда гўёки ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, узоқ муддат уй қамоғида сақлангани, "ошхонадаги суд" ва бошқа шу каби даъволар асоссиздир", дейилади ҳужжатда. 

Гулнора Каримованинг қўлга олиниши жараёни бўйича расмий баёнот эълон қилинди

Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг қўлга олиниши бўйича маълумотларга изоҳ берди.

ОАВда тарқатилган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи томонидан Г. Каримованинг жиноий жавобгарликка тортилиши юзасидан қабул қилинган мулоҳазасига жавобан қуйидагилар маълум қилинган:

Ҳукумат Ишчи гуруҳнинг фикри манба томонидан тақдим этилган бир томонлама субъектив маълумотлар асосида шакллантирилгани, Ўзбекистон Ҳукуматининг бу борада расмий жавоби тақдим этилгани, аммо у расмий процессуал муддатлар туфайли эътиборга олинмаганидан ташвиш билдирган.

Бундай ёндашув БМТ органлари амал қилиши зарур бўлган холислик ва беғаразлик принципларига путур етказади, дейилади изоҳда.

Ўзбекистон ўзаро ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш ва икки ёқлама стандартларга йўл қўймаслик тамойилларига асосланган мулоқот ва халқаро ҳамкорлик учун ҳамиша очиқ.

Г. Каримовага нисбатан барча жиноий ишлар жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, шунингдек, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини, жумладан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини инобатга олган ҳолда қўзғатилган ҳамда кўриб чиқилгани таъкидланган.

Ҳимояга бўлган ҳуқуқ ва одил судлов ҳуқуқи жиноят процессининг барча босқичларида таъминланган. Г. Каримова мустақил равишда танланган ёки белгиланган тартибда тайинланган ҳимоячиларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

Жиноят ишига оид материаллар билан танишиш, қарорлар устидан шикоят қилиш ҳамда ҳимоячи билан мулоқотнинг махфийлиги тамойилига риоя қилинган.

Г. Каримова иши бўйича суд қарорлари ваколатли судлар томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар, жумладан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш, давлат мулкини ғайриқонуний ўзлаштириш, фирибгарлик ва давлатга жуда катта миқдорда зарар етказган бошқа жиноятлар содир этилганлигини тасдиқловчи етарли далиллар асосида чиқарилган.

"Г.Каримованинг 2014 йилда гўёки ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, узоқ муддат уй қамоғила сақлангани, "ошхонадаги суд" ва бошқа шу каби даъволар асоссиздир. Барча процессуал ҳаракатлар ва суд муҳокамалари процессуал қонунчилик нормалари ва талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилган. Ҳозирги вақтда маҳкума суд қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга", дейилади ҳукумат баёнотида.

Ўзбекистон Ҳукумати мазкур иш бўйича сиёсий сабаблар мавжудлиги тўғрисидаги даъволарни қатъиян рад этган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг барча ҳаракатлари фақат судланувчининг жиноий ҳаракатларни содир этишдаги айбини тўлиқ тасдиқловчи ҳуқуқий ва далилий жиҳатларга асосланган бўлиб, унинг қонуний иқтисодий фаолияти ва/ёки сиёсий мавқеи ёки қарашларига дахл қилмаган.

Бир неча кун аввал эълон қилинган БМТ махсус ишчи гуруҳи маълумотига кўра, Гулнора Каримова 2014 йили Ўзбекистонда ордерсиз ва асоссиз равишда ҳибсга олинган.

У 18 ой уй қамоғида сақланган, ҳатто суд жараёни ҳам унинг ошхонасида ўтгани иддао қилинганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid