Чуст тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири қамоққа олинди
У Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми а ва 209-моддаси 2-қисми а банди билан айбланяпти.
22 декабр куни чиқарилган суд ажримига кўра Чуст тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Ф.Э. қамоққа олинди. Platina.uz сайтида суд ажримидан кўчирма бор.
Иш ҳужжатларига кўра, Ф.Э. мансабдор шахс бўла туриб, бўлим номидан корхона, муассаса ва ташкилотлар билан шартномалар тузиш, таълим тизимида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни мақсадли сарфланишини назорат қилиш ваколатидан қасддан фойдаланган.
У Чортоқ туманида яшовчи фуқаро билан ўзаро жиноий тил бириктириб, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда, ҳеч бир танловларсиз, ўзаро келишиб, 76 та кондиционерни ҳар бирини 13 млн. сўмдан бозор нархидан қиммат нархда тумандаги мактабларга ўрнаттирган.
Ф.Э. ўзининг жиноий фаолиятларини қонунийлаштириш мақсадида аслида олиб келиниб, ўрнатилган кондиционерларни ўрнатиш юзасидан махсус ташкил қилинган “Электрон дўкон” платформаси орқали эълон берган.
Ўзаро келишувларга кўра, ўтказилган танловда фуқарога қарашли хўжалик юритувчи субеъкт танлов ғолиби бўлиши лозим эди, аммо Smart savdo market МЧЖ раҳбари Ф.Ж. ва Sarsuvdar МЧЖ норасмий раҳбари М.Э. танлов ғолиби деб топилганлар.
Танлов натижасига кўра, Чуст тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан Smart savdo market МЧЖ ўртасидаги шартномага асосан 20 дона Art-Sic1w18he кондиционерларини ҳар бирини 11,5 млн. сўмдан 230 млн. сўмга, 13 дона Rac-18 кондиционерларини ҳар бирини 11,5 млн. сўмдан 149,5 млн. сўмга, 4 дона Art-Sic1w18he кондиционерларини ҳар бирини 11,5 млн. сўмдан 46 млн. сўмга, 9 дона Rac-18aux кондиционерларини ҳар бирини 11,5 млн. сўмдан 103,5 млн. сўмга ҳамда Sarsuvdar МЧЖ ўртасидаги шартномага асосан 25 дона Rac-18aux кондиционерларини ҳар бирини 11,4 млн. сўмдан 286,2 млн. сўмга ва 5 дона Rac-18aux кондиционерларини ҳар бирини 11,5 млн. сўмдан 57,5 млн. сўмга, жами 76 дона кондиционерларни 872,7 млн. сўмга сотиб олган.
Иккала МЧЖ шу кондиционерларни етказиб беришлари керак эди, бироқ етказиб берилмаган маҳсулотлар юзасидан Ф.Э. сохта ҳисобрақам-фактураларни қабул қилиб олиб, жамият ҳисоб рақамларига ўтказиб берган.
Республика суд экспертизаси Андижон вилояти суд товаршунослик экспертизаси бўйича давлат суд экспертининг хулосасига кўра, 1 дона Rac-18 Aux кондиционери 8,2 млн. сўм, 1 дона Art-Sic1w18he кондиционери 6,2 млн. сўм, 1 дона Aux Quadro Aswh 18 кондиционери 6,9 млн. сўм, 1 дона Samsung Ar18 Bqhqasin кондиционери 7,7 млн. сўм ва 1 дона Artel S18b Staаf 18heci кондиционери 7,1 млн. сўмлиги қайд этилган.
Шу тариқа Чуст тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими собиқ бошлиғи Ф.Э., Smart savdo market МЧЖ норасмий раҳбари О.М., Sarsuvdar МЧЖ норасмий раҳбари М.Э. ва бошқалар 2 турдаги 76 дона кондиционерларни 323,6 млн. сўмга қиммат нархда ёки бошқа русумдагисини сотиб олишиб, бюджет маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.