platina.uz

Истанбулнинг анъанавий кўча таомлари ҳақида биласизми?

Турк ошхонаси, Мишлен юлдузли ресторанлардан тортиб, минтақавий таомларигача халқаро миқёсда диққатга сазовордир.

Жамият
20 декабрь 2023 йил
Истанбулнинг анъанавий кўча таомлари ҳақида биласизми?

Турк ошхонаси, Мишлен юлдузли ресторанлардан тортиб, минтақавий таомларигача халқаро миқёсда диққатга сазовордир. Бой тарихи ва замонавий кўнгилочар марказлари билан машҳур бўлган Истанбул саёҳати давомида шаҳарни тўлиқ ҳис этиш учун турли анъанавий лаззатлардан баҳраманд бўлиш лозим. Жумладан, Истанбулнинг кўча таомлари маданияти ўрганилиши керак бўлган алоҳида мавзудир. Ҳар бир минтақанинг ўзига хос таъмга эга кўча таомлари мавжуд. Қуйида улар ҳақида батафсил танишиб чиқамиз.

Нонуштадан кечки овқатгача...

Дунёга машҳур турк нонуштасининг асосий қисми бўлган «симит» Истанбулнинг энг машҳур ва кенг тарқалган кўча таомидир. Классик симит диаметри тахминан 15 см бўлган, кунжут уруғлари билан қопланган, ташқи қисми қарсилдоқ, ички қисми майин, осон чайналадиган ҳалқа шаклидаги нондир. Паромлардаги кичик дўконларда ва кўча сотувчиларининг антиқа аравачаларида сотиладиган ушбу Истанбул кўча таоми очликни қондириш учун етарли даражада тўйимлидир. Симит, айниқса, эрталаб бир стакан иссиқ турк чойи ва турк пишлоғи билан мазали нонуштани ташкил қилади. Ушбу учлик тушдан сўнг чой ўрнига айрон ичимлиги билан ҳам ёқимли тамадди ўрнини босади.

«Донер» мамлакат чегараларидан ташқарида ҳам машҳур таомдир. «Донер» сўзи «айлан» деган маънони англатиб, зираворланган, ингичка қилиб кесилган мол гўшти, қўзичоқ ёки товуқни вертикал темир сих ёрдамида грилда пишириш услубини англатади. Таомнинг ҳашаматли тортиғида гуруч тўшагида гўшт бўлаклари бўлиши мумкин бўлсада, Истанбулда кўча тури одатда юпқа ясси нонга ўралган ёки салат, помидор ва эҳтимол соус билан нон ичига тўлдирилган ҳолда келади.

«Кокореч» Туркиянинг севимли енгил кўча таоми бўлиб, у тўйимли нон орасига тўлдирилган қўй ёки қўзичоқ ичакларидан иборат. Пишган гўшт ҳалқа шаклида кесилади, ундан сўнг эса, йирик бўлакларга бўлиб мижозларга тортиқ этилади. Турк миллий таомларининг энг ўзига хосларидан бири бўлган «Кокореч» мамлакатда, айниқса, кечки овқат сифатида севиб танаввул қилинади. «Кокореч» яхши тозаланган қўй ичакларини оловда қиздириб, қалампирмунчоқ, чили қалампири, жамбил ва туз каби турли зираворлар билан аралаштириб тайёрланади. Кўпинча юпқа нон орасига ўраб, сендвич кўринишида истеъмол қилинади.

Тўлдирилган мидия (чиғаноқ) кўча таоми

Тўлдирилган мидия Туркиянинг денгиз бўйидаги ҳар бир шаҳрида, айниқса, Истанбул хиёбонлари бўйлаб жойлашган дўконларда мавжуд бўлган мазали ва машҳур таомдир. Мидия қобиғи гуруч, туз, чиғаноқнинг ички суюқлиги ҳамда зираворлардан ташкил топган масаллиқлар билан тўлдирилади ва устига лимон сиқилган ҳолда тортиқ этилади. Мидия сотувчиларни бутун Истанбул бўйлаб, айниқса Таксим, Бешиктош ва Кадкўй туманларида осон учратиш мумкин. Картошка чипслари каби, фақат биттасини истеъмол қилиш деярли имконсиз.

Шунингдек, ушбу рўйхатга чўғда пишган маккажўхори ва мазали каштан ёнғоқлари, денгиз бўйидаги қайиқларда пишириладиган иссиққина “балиқли нон” ҳамда қўрда пишган катта картошка орасига пишлоқ ва бошқа турли лаззатлар солиб тайёрланадиган «кумпир» кўча таомларини ҳам киритишимиз мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+