platina.uz

Беш ҳудуддаги метан заправкалари қайтадан очилади

Об-ҳавонинг кескин совиши сабаб ушбу ҳудудларда заправкалар ёпилганди. 

Жамият
15 декабрь 2023 йил
Беш ҳудуддаги метан заправкалари қайтадан очилади

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ хабарига кўра, пойтахт, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШлар фаолиятини тиклаш мақсадида тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

Айни вақтда мазкур ҳудудлардаги АГТКШлар фаолиятига киритилган қўшимча чекловлар юмшатилди ва улар маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида иш фаолиятини давом эттиради.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ҳозирги вақтда табиий газни тенг тақсимлаш ва истеъмолчиларга бир маромда етказиб бериш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда. “Зангори ёқилғи” тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчилик кузатилмаяпти. Аммо айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши кузатилмоқда ва истеъмолчилар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда, дейилади хабарда.

2023 йилнинг 14 декабрь куни газ таъминоти ташкилотлари томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 110,8 миллион куб метр табиий газ етказиб берилди. Бундан ташқари суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2193 тонна ёқилғи етказилган.

Ҳудудларда авария ҳолатлари кузатилганда, мутахассислар жойига юборилмоқда ва улар муаммоларни бартараф этишмоқда.

14 декабрь куни юзага келган авариялар:

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Гулистон ва Оқолтин туманларидаги газ қувурларида авария ҳолати қайд этилган. “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали мутахассислари барча ҳолатларни бартараф этишган. Истеъмолчилар учун газ таъминоти қайта тикланган.

Тошкент вилояти “Кўктерак” МФЙдаги газ қувурига юк машинаси томонидан шикаст етказилган ва натижада 280 истеъмолчи вақтинча газ тармоғидан узилган. “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти мутахассислари ҳолатни бартараф этишган.

Бухоро вилоятининг Бухоро ва Когон туманларидаги газ қувурларида авария ҳолати кузатилди. Мазкур ҳолатлар “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан тез фурсатда бартараф этилган ва истеъмолчилар учун газ таъминоти қайта тикланган.

Қашқадарё вилояти Косон тумани “Лолазор” МФЙ ҳудудидан ўтган ўрта босимли газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати қайд этилган. “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали ходимлари бу муаммони ҳал қилишган.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона водийси, Тошкент ва Самарқандда об-ҳавонинг кескин совиши оқибатида метан заправкалар тўлиқ ёпилганди. Бошқа ҳудудларда соат 6:00 дан 12:00 гача ишламоқда. Бунга аҳоли талабининг ошиши сабаб қилиб келтирилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+