Толибон қурган каналдан сув сизиб чиқяпти
Қўштепа каналидан сув сизиб чиққани ва катта майдонда тўплангани тасвирлари тарқалди.
Амударёни катта ҳажмдаги сувини Афғонистон ҳудудига олиб кириб кетиши кўзда тутилган Қўштепа каналидан сув сизиб чиққани ва катта майдонда тўплангани тасвирларини тарқалмоқда.
Сунъий йўлдош суратларига кўра каналдаги сувлар чўл майдони бўйлаб оқиб кетган.
Метеоролог Эркин Абдулаҳатовга кўра, мазкур вазият шу кунларда эмас, ноябр ойи бошларида юз берган. Юқори эҳтимол билан канал ўнг қирғоқ дамбаси канал ичидаги сув босимни кўтара олмай, ёрилиб (ўпирилиб) тушган. Натижада канал суви сизиб, қумликда йирик сув объектини ҳосил қилган.
"Қизиқ томони, ҳали-хануз бу каби сизиб чиқишни тўхтатиш билан боғлиқ чора-тадбирлар Толибон ҳукумати томонидан бажарилмаганга ўхшайди. Ҳар ҳолда юқорида турли муддатлар учун келтирилган сунъий йўлдош тасвирлари бу фикрларни тасдиқлайди" дея ёзади мутахассис.
Толибон ҳукумати мазкур тасвирлар ёки ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 684 миллион долларга тушадиган бу канал қурилиши 2022 йил март ойида бошланган. Унинг узунлиги 285 километр, кенглиги – 100 метр, чуқурлиги – 8,5 метр бўлади. Канал Амударё оқим йўналишининг чап томонидан, Балх вилоятининг Калдар туманида уланади ва Афғонистоннинг учта вилояти — Балх, Жузжон ва Фарёбдаги 550 минг гектар ерни сув билан таъминлаши мўлжалланмоқда.
Қўштепа канали тўла ишга тушгач, Амударё суви деярли ярмига камайиши мумкин.
Шунингдек, сув масаласида Ўзбекистон ва Толибон ўртасида низо чиқиши эҳтимоли ҳақида ҳам суҳбат тақдим этилганди.