Давлат ишига киришда Конституциядан имтиҳон олинади
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ушбу сана муносабати билан йўллаган табригида сўз боради.
Давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев байрам табригида сўз боради.
"Биз “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилинди. Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчилари ушбу жараёнга тўлиқ жалб этилиши лозим", дейилади табрикда.
Президент бош қомусга асосан қуйидаги энг муҳим вазифаларни санаб ўтди:
- фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилади;
- Конституцияни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан-тўғри ва бевосита қўллаш амалиётига ўтилади, бу борада барча давлат идоралари, жумладан, судлар фаолиятида конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш жорий этилади;
- суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтириш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади;
- ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносибликни таъминлаш бўйича конституциявий принципни рўёбга чиқариш мақсадида қонун ҳужжатларидаги 150 дан ортиқ ана шундай чоралар тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Жумладан, айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва жазо турларини ўзгартириш, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш борасида ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилади.
- Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани ва бошқа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти такомиллаштирилади;
- фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда мавжуд бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш ҳамда ушбу жараёнлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича ишларни давом эттирилади;
- Конституция ва қонун устунлигини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги янада оширилади.