Бухоронинг чекка маҳалласидаги асосий муаммолар ҳал этилди
Вилоятнинг 5 та туманидаги энг чекка, ижтимоий аҳволи оғир маҳаллалари орасидан Пешкў туманининг “Дейча” ҳудуди ҳам танлаб олинганди.
Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакат бўйлаб ўтказилаётган “Конституция ҳафталиги” доирасида Бухоро вилоятида ҳам бир қатор янги объектлар фойдаланишга топиширилмоқда.
Ана шундай манзиллардан Шофиркон туманининг “Қуйи Чуқурак” ва Пешкў туманининг “Дейча” маҳаллаларини кейинги уч ойда “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар якунланиб, янги бино ва иншоотларнинг очилиш маросимлари ўтказилди.
Шофирконнинг “Қуйи Чуқурак” МФЙ да 642 та хонадон ва 826 та оила бўлиб, уларда яшовчи аҳоли сони 3 минг 800 нафардан ортиқроқ. Дастур асосида маҳаллада йўллар равон бўлди, электр таъминоти, ичимлик суви борасидаги муаммолар ўз ечимини топди. Бир сўз билан айтганда, қуйи чуқуракликларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланди.
Олис маҳалланинг инфратузилма иншоотлари билан бирга 33-сонли умумий ўртатаълим мактабининг спорт майдони замонавий кўриниш касб этди. Шунингдек, спорт майдончасининг шай қилингани маҳалла аҳлини беҳад шодлантирди. Қўшимчасига болалар ўйин майдончалари фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Қуйи Чуқурак маҳалласининг ўзига хос очилиш маросими ўтказилди. Тантанада йиғилганлар янгидан ишга туширилган маҳалла фуқаролар йиғини биноси, “Уч авлод маскани”, шунингдек, оилавий шифокорлик пункти, аёллар саломатлик маркази, янги корхоналарда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Бухоро вилоятининг 5 та туманидаги энг чекка, ижтимоий аҳволи оғир маҳаллалари орасидан Пешкў туманининг “Дейча” ҳудуди ҳам танлаб олинганди. Белгиланган вазифалар ижроси учун республика, шунингдек, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳисобидан етарли даражада маблағ ажратилди. Янгиланган маҳалланинг ўзига хос очилиш тадбирида Республика ҳамда вилоят даражасидаги масъуллар, шунингдек, ташкилот, идора ва корхоналар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этдилар. Маҳалладаги байрам тадбири эрта тонгдан “Соғлом ҳаёт учун” югуриш марафони билан бошланди. Маҳалланинг кириш қисмидан старт олган марафонда 300 нафардан зиёд ёшлар ҳамда маҳалла аҳлига ҳарбий оркестр, Миллий гвардия отлиқ ҳарбийлари, “Ватанпарвар” ташкилоти, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус техникалари ҳамроҳлик қилди.
Шу куни “Дейча” маҳалла фуқаролар йиғинининг кўпдан кутилган янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 500 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилувчи маҳалла биносида ходимлар учун барча шарт-шароит ҳозирланган бўлиб, бу қулайлик ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан ишлаш, идоралараро маълумот алмашиш вазифаларини осонлаштиради.
Шу ўринда маълумот учун, Янги ҳаёт, Кодравон, Янги йўл, Чоробод, Болин, Дейча, Зарафшон каби 7 та қишлоқдан ташкил топган маҳаллада бугунга келиб 534 та хонадон, 695 та оила ва уларда жами 2 минг 500 га яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.