platina.uz
Мақола

Қозоғистоннинг янги сиёсий воқелиги: ислоҳот ва тизим барқарорлиги ўртасида

Қозоғистон бугун постсовет ҳудудида кам учрайдиган ҳолатни бошдан кечирмоқда — сиёсий тизим бир вақтнинг ўзида ҳам ўзгармоқда, ҳам ўз ядросини деярли ўзгаришсиз сақлаб қолмоқда. Бу на инқилоб, на ўтмишдан узилиш, балки янги қоидаларнинг мавжуд ҳокимият каркаси ичида секин қайта ёзилишига ўхшайди. 

Қозоғистоннинг янги сиёсий воқелиги: ислоҳот ва тизим барқарорлиги ўртасида

Қозоғистон Парламенти палаталарининг қўшма масжилисида мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев Қозоғистон бошқарувидаги муҳим янгиликларни очиқлади.

Президентнинг айтишича, давлат бошқаруви тизими кенг кўламда ислоҳ қилинади. Тоқаевнинг сўзларига кўра, бу ўзгаришлар давлат институтлари иш самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини сақлаб қолишни ҳам назарда тутади.

Ислоҳотлардан сўнг Қозоғистонда бошқарувнинг янги модели шаклланади. У «кучли президент — нуфузли қурултой — ҳисобдор ҳукумат» тамойилга асосланади. Шу билан бирга, президентлик бошқарув шакли сақланиб қолади, давлат раҳбари эса Конституция, давлат бирлиги ва мустақиллигининг кафили сифатида асосий ролни бажаришда давом этади. Шунингдек, ислоҳотлар парламент тизимини янада модернизация қилишни ҳам назарда тутади.

Бузилишга айланмаган бурилиш

Қозоғистон бугун постсовет ҳудудида кам учрайдиган ҳолатни бошдан кечирмоқда — сиёсий тизим бир вақтнинг ўзида ҳам ўзгармоқда, ҳам ўз ядросини деярли ўзгаришсиз сақлаб қолмоқда. Бу на инқилоб, на ўтмишдан узилиш, балки янги қоидаларнинг мавжуд ҳокимият каркаси ичида секин қайта ёзилишига ўхшайди.

«Янги Қозоғистон» шиори шу маънода дастурдан кўра кўпроқ ўтиш даври белгиси бўлиб хизмат қилди: мамлакат президентлик тизимидан воз кечмаяпти, аммо уни камроқ шахсийлашган, кўпроқ институционал ва олдиндан башорат қилинадиган шаклга келтиришга ҳаракат қилмоқда.

Қайд этиш жоиз, 2022 йил январ воқеалари тизимни нуқта-ўзгаришга мажбур қилган сиёсий лаҳза бўлди. Бу вазиятни кадрлар алмашинуви билан «хаспўшлаш» мумкин бўлмаган инқироз эди. Айнан шу воқеалардан кейин асосий жараён - президентлик вертикали ичида ҳокимиятнинг секин-аста қайта тақсимланиши бошланди.

Аввало «Элбоши» конституциявий мақоми бекор қилинди — у узоқ йиллар мобайнида формал чекиниш билан бирга амалдаги таъсирни сақлаб турган модел рамзи эди. Давлат кадрлар сиёсати ўзгарди, куч ишлатиш тизими янгиланди, қарор қабул қилиш марказлари қайта шакллантирилди. Бироқ муҳим жиҳат шундаки, тизим бузилмади. У ўзини сақлаб қолиш учун, янги ички ва ташқи геосиёсий воқеликка мос равишда қайта қурилди.

Конституция — давлатни қайта дастурлаш уриниши

2022 йилги референдум сиёсий ўзгаришларга ҳуқуқий шакл берди. Бу жараённи оддий тузатишлар эмас, балки давлат ишлаш принципини ўзгартиришга уриниш сифатида баҳолаш мумкин.

Шунингдек, Конституциявий суднинг қайта тикланиши, фуқароларнинг унга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти, парламент ролининг кенгайиши, президентнинг партия тизимида иштирок этишининг чекланиши — буларнинг барчаси институционаллашув йўлидаги қадамлар сифатида кўрилди. Айниқса, президентнинг партия аъзоси бўлишини тақиқлаш - муҳим сиёсий ишора бўлди. Давлат раҳбари институтига партиявий сиёсатдан устун турувчи ҳакам сифатида қараш кучайтирилди.

Кейинчалик янада муҳим қадам қўйилди — қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йиллик ягона президентлик муддати жорий этилди. Бу назарий жиҳатдан ҳокимиятни узоқ муддатга бир шахс қўлида жамланиши эҳтимолини камайтиришга хизмат қилади.

«Кучли президент» — тизим мувозанати нуқтаси

Барча ислоҳотларга қарамасдан, Қозоғистон сиёсий тизимининг асосий тамойили - кучли президентлик ҳокимиятини сақлаб қолди.

Қосимжўмарт Тоқаев таклиф қилган «Кучли президент — нуфузли қурултой — ҳисобдор ҳукумат» формуласи янги мувозанатни тасвирлашга уриниш ҳисобланади. Бироқ марказий оғирлик барибир президент қўлида қолмоқда. Президент стратегик йўналишни белгилайди, асосий тайинловларга таъсир қилади, куч ишлатиш тизимини назорат қилади ва давлат барқарорлигининг кафолати ҳисобланади. Фарқи шундаки, ҳокимият атрофида энди кўпроқ институционал контурлар пайдо бўлди.

Содда қилиб тушунтирганда, президент ҳали ҳам мамлакатдаги энг асосий шахс бўлиб қолмоқда. У давлатнинг умумий ривожланиш йўналишини белгилайди, асосий амалдорларни тайинлайди, куч ишлатиш тизимини (армия, полиция, махсус хизматлар) назорат қилади ва давлат барқарорлиги учун жавоб беради.

Бироқ фарқ шундаки, аввал қарорлар кўпроқ битта марказ ва битта шахс атрофида жамланган бўлса, эндиликда президент атрофида кўпроқ «қоидалар ва институтлар» пайдо бўлди ва улар ҳам бошқарув жараёнида иштирок этмоқда.

Яъни қарорлар ҳали ҳам кўп жиҳатдан президентга боғлиқ, лекин улар энди парламент, ҳукумат ва бошқа янги органлар ҳамда расмий тартиб-таомиллар орқали қабул қилинади. Бу тизимни шахсий эмас, балки кўпроқ қоидалар асосида ишлайдиган, яъни «институционал» шаклга солади.

Сиёсат: кескин қадамларсиз кенгайиш

Қозоғистонда энди сиёсий иштирок шаклан кенгаяди: партияларни рўйхатдан ўтказиш осонлашди, сайлов тўсиғи пасайтирилди, бир мандатли округлар қайтарилди, мустақил номзодларга йўл очилди. 2023 йил сайловларидан кейин парламентда олти партия ва мустақил депутатлар пайдо бўлди.

Бироқ бу рақобат кескин сиёсий кураш дегани эмас. Бу кўпроқ тизим ичига кириш каналларининг кенгайиши, яъни элиталарни интеграция қилиш механизмларининг мукаммаллашуви десак муболаға бўлмайди.

Иқтисодиёт: ўсиш ва қарамлик ўртасидаги мувозанат қаерда?

Назарбоев даври иқтисодиёти нефть ва газга, шунингдек, хорижий инвестиция ва қарзларга таянган ресурс моделига асосланган эди. Бу тез ўсиш кўрсаткичларини берди, лекин кучли ташқи қарамликни ҳам шакллантирди.

Тоқаев даврида эса диверсификациялашга уриниш кучаймоқда. Қайта ишлаш саноати, рақамлаштириш, логистика, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида муқобил вариантларга ҳам имкон берилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2019–2024 йиллар оралиғида Қозоғистонда ЯИМ сезиларли даражада ошди: тахминан 180 миллиард доллардан 288 миллиард долларгача кўтарилди. Аҳоли жон бошига даромад ҳам ўсди. Бироқ иқтисодиётнинг асосий тузилиши ҳали ҳам ресурсларга боғлиқ. Иқтисодиётда давлат секторининг роли ҳамон катталигича қолмоқда.

Ташқи сиёсат: мувозанат санъати

Қозоғистон ташқи сиёсати узоқ вақтдан бери кўпвекторли ёндашувга таянади. Аммо 2022 йилдан кейин бу ёндашув янада мураккаблашди.

Янги воқеликка кўра, Россия — хавфсизлик ва минтақавий ҳамкорликда ҳамон муҳим ҳамкор. Хитой — инвестиция ва инфратузилма манбаи. Европа Иттифоқи ва АҚШ — технология ва иқтисодий ҳамкорлардир. Марказий Осиё — минтақавий интеграция майдони ҳисобланади. Транскаспий йўли эса глобал логистикада янги стратегик йўналишга айланмоқда.

Нималар ўзгарди?

Қисқа қилиб айтилса, Қозоғитсонда тизимнинг ўзи эмас, унинг ишлаш механизми ўзгарди. Яъни, шахсийлашган ҳокимиятнинг ролини камайтириш уриниш, институционал қоидаларнинг кучайиши, сиёсий иштирок каналларининг кенгайиши, иқтисодий сиёсатда диверсификацияга интилиш кузатилмоқда..

Бироқ асосий элементлар - кучли президентлик маркази, чекланган сиёсий рақобат ҳамда давлатнинг иқтисодиётдаги роли сақланиб қолмоқда.

Бошқа давлатлар қандай сабоқ чиқариши мумкин?

Қозоғистон тажрибаси минтақада кўпинча етарлича баҳоланмайдиган муҳим бир ҳақиқатни кўрсатади: сиёсий барқарорлик ҳар доим ҳам кескин узилишлар ёки тизимни бузиб ташлаш орқали эмас, балки мавжуд ҳокимият архитектураси ичида қоидаларни аста-секин қайта қуриш орқали ҳам таъминланиши мумкин. Бу институционаллашув, ваколатларни қайта тақсимлаш ва олдиндан башорат қилинадиган тартиб-қоидаларни шакллантириш орқали амалга ошади.

Бу ерда асосий жиҳат - «Қозоғистон йўли»ни айнан модел сифатида кўчириш эмас, балки бир нечта амалий хулосаларни англаш фойдали бўлиши мумкин.

Биринчидан — ислоҳотлар фақат сиёсий баёнот эмас, балки барқарор институтларга айлангандагина самара беради.

Иккинчидан — сиёсий иштирок ва рақобатни кенгайтиришнинг аҳамияти унинг ўзида эмас, балки тизимга тушадиган босимни камайтириш ва унинг мослашувчанлигини оширишда намоён бўлади.

Учинчидан — асосий мувозанат доимо давлатни модернизация қилиш ва уни бошқарувчан ҳолда сақлаб қолиш ўртасида бўлади: жуда тез ўзгаришлар барқарорликни издан чиқариши мумкин, жуда секин ўзгаришлар эса ички тўпланиб бораётган зўриқишларни кучайтириши эҳтимол.

Шу маънода, асосий сабоқ - кўчиришда эмас, балки ноёб мослашувда: институтлар ва жамоат иштирокини қандай қилиб кенгайтириш, бир вақтнинг ўзида давлат бошқарув қобилиятини йўқотмаслик. Қозоғистон тажрибаси шу мувозанатнинг мумкинлигини кўрсатади, лекин у ҳар доим тайёр формула эмас, балки узлуксиз жараён эканини ҳам эслатади.

Хулоса

Таъкидлаш керак, «Янги Қозоғистон» — бу тайёр модел эмас, балки жараёндир. Уни бир давлатнинг ичида содир бўлаётган секин, аммо чуқур силжиш деб аташ мумкин. Бунда ташқи шакллар ўзгариши ва қонунлар қайта ёзилиши ҳамда институтлар янгиланиши мумкин — аммо ҳақиқий сиёсий маъно ҳар доим ҳокимиятнинг қандай тақсимланганида намоён бўлади.

Қозоғистон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сиёсий бошқарув тизимлари одатда бир кунда ўзгармайди — улар ўзини сақлаб қолиш учун аста-секин ўзгаришни ўрганади. Ва айнан шу парадокс ичида замонавий давлатнинг энг мураккаб ҳақиқати яширинган: ҳамма нарса ўзгараётгандек кўринсада, асосий қувват маркази ўз жойида қолаверади.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid