Моди ва Эрдўғондан Малайзия подшоҳигача: Мирзиёев Дубайда учрашувлар ўтказди
Шавкат Мирзиёев бир қатор сиёсий лидерлар ва компания раҳбарлари билан учрашди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрида бир қатор сиёсий лидерлар ва компания раҳбарлари билан учрашди. Улар орасида Нарендра Моди, Ражаб Эрдўғон каби сиёсатчилар ҳам бор.
Дастлаб президент 1 декабр куни Дубай шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида Малайзия Подшоҳи Султон Абдуллоҳ Риоятуддин Ал-Мустафо Биллоҳ Шоҳ билан учрашди.
Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари ҳамда зиёрат туризми соҳасида дастурлар амалга оширилмоқда.
Шериклик кун тартибини аниқ амалий мазмун билан бойитиш мақсадида келгуси йилда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олинди.
Туркия раҳбари билан учрашувда кенг кўламли стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Илгари олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан учрашди.
Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўтган йил сентябрь ойида Самарқандда ўтган учрашув келишувларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро савдодаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди. Чорвачилик, озиқ-овқат, чарм, аграр, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд.
Автомобиль ва ҳаво коммуникациялари, туризм, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда шартнома-ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашувда эса икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Коммуникацион технологиялар, фармацевтика, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, анъанавий тиббиёт ва йога соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев Индонезия Президенти Жоко Видодо билан ҳам учрашди.
Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги ўзаро мулоқотларнинг бугунги ҳолати ва икки томонлама савдодаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида 2 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари инвестиция вазири, “ADQ” холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда “TAQA” компанияси раҳбари Жасим Ҳусайн Табет ва “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий ҳам қатнашди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Энергетика секторидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Ташриф доирасида бу йўналишда “Masdar” компанияси билан Стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланди.
Учрашув якунида давлат раҳбари “Masdar” бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳийга кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатлари ривожига қўшган шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.
Бундан ташқари Мирзиёев 2 декабрь куни “Tadweer” компанияси бош ижрочи ва бошқарувчи директори Али ал-Даҳерий ва “Air Products” компанияси бошқаруви раиси Сейфи Гасемини қабул қилди.
Амирликлар компаниясининг Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, бунда илғор технологик ечимларни жорий қилиш режалари кўриб чиқилди.