Президент фермерлар ва кластерлар ўртасидаги муаммога тўхталди
Фермер ва кластерлар ўртасида қонуний кўприк бўлмагани ортидан пахта ҳосилини сотишда можаролар кузатилди.
Шавкат Мирзиёев бугун қишлоқ хўжалигига бағишланган йиғилиш ўтказди ва унда айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилганини қайд этди.
Пахта мавсумида бу муаммо анча сезилиб қолди. Фермер ва кластерлар ўртасида қонуний кўприк бўлмагани ортидан пахта ҳосилини сотишда можаролар кузатилди.
"20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги бор, 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаган. Шу каби, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарздорлиги бор", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда шу муносабат билан кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Ҳар бир вилоятда янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади. Улар камида икки босқичли қайта ишлашни йўлга қўйган бўлиши шарт бўлади.
Шунингдек, фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади. Келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.
Бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 миллиард долларга, экспортни эса 4,5 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинди.
Бунинг учун газлама-мато, бўяш ва тикувчилик бўйича янги қўллаб-қувватлаш механизмлари яратиб берилади:
бўялган матони 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини ички бозорга сотган корхоналар ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди, уларга мол-мулк солиғини 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
2025 йил 1 январга қадар пахта ва сунъий толани импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун зарур технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини импорт қилишда улар божхона божидан озод қилинади.