Қозоғистондаги ёнғинда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Ҳодиса сабаб бош вазир Алихан Смаиловнинг топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилган.
Бугун, 30 ноябр куни Олмаотада юз берган ёнғинда ҳалок бўлганлар орасида икки ўзбекистонлик борлиги аниқланди.
Бу ҳақда Олмаота полиция департаменти матбуот хизмати хабар берган.
"Вафот этганлардан тўрт нафари хорижлик (икки нафари Россия Федерацияси, икки нафари Ўзбекистон фуқароси), яна 9 нафари Қозоғистон Республикаси фуқароларидир. Суд-тиббий экспертиза тайинланди", — дейилади хабарда.
Мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари бошланди, бундан ташқари Қозоғистон бош вазири Алихан Смаиловнинг топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилган.
Эслатиб ўтамиз, 30 ноябр куни Олмаотадаги хостел (ётоқхона)лардан бирида ёнғин юз берди. Ҳозиргача 13 киши ҳалок бўлгани маълум.