Европанинг катта таъсирга эга сиёсатчилари рейтинги эълон қилинди
Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина етакчи ўринларни эгаллади.
Politico нашри келаси йили “Европа сиёсий ҳаётини шакллантирадиган” 28 кишидан иборат рўйхатни эълон қилди. Рўйхатдагилар уч тоифага бўлинган: "арбоблар", "орзу қилувчилар" ва "бузувчилар". Полшалик арбоб Доналд Туск энг нуфузли сиёсатчи дея топилган бўлса, "бузувчилар"да биринчи ўринни Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина эгаллади.
Politico таъкидлаганидек, Набиуллина ўн йил давомида Россия Марказий банки раҳбари бўлиб ишлаган ва Россия президенти Владимир Путин сиёсатини қўллаб-қувватловчи "бош технократ" ҳисобланади. “Набиуллинанинг агрессив пул-кредит сиёсати бир неча бор рублни сақлаб қолди ва мамлакат иқтисодиётини барқарор ушлаб турди. Марказий банк раҳбари Кремл ғазнасини бўшатишга мўлжалланган мисли кўрилмаган Ғарб санкциялари оқибатларининг олдини олишга ҳам муваффақ бўлди”, — деб ёзади нашр.
Нашрнинг ёзишича, Набиуллина ўзининг профессионаллигини исботлай олди ва Россия иқтисодиётини бир неча бор "қутқарди".
Шунингдек, “бузувчилар” тоифасига каталониялик журналист ва сиёсатчи Карлес Пучдемон, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Барбок, Европа халқ партияси раҳбари (Европа парламентида) Манфред Вебер, литвалик дипломат Жовита Нелюпшене, Грузия сиёсатчиси ва собиқ бош вазири Бидзина Иванишвили, белгиялик сиёсатчи ва ёзувчи Том Ван Грикен ҳам кирди.
“Орзу қилувчилар” номинациясида Украина президенти Владимир Зеленский биринчи ўринни эгаллади. Politico уни “бир қўл билан тарих ривожини ўзгартира олган” Уинстон Черчилл, Мартин Лютер Кинг ва Нелсон Мандела билан қиёслайди.
Шунингдек, “орзучилар” тоифасига россиялик мухолифатчи, “рус Манделаси” деб аталган Алексей Навалний, Чехия президенти Петр Павел, Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах ва бошқалар киритилган.
“Арбоблар” номинациясида рўйхатда биринчи ўринни Италия бош вазири Жоржия Мелони эгаллаган бўлса, ундан кейинги ўринларни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Лярен, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Украина президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ермак эгаллади. Рейтинг муаллифлари Ермакни "Киев яшил кардинали" деб аташган.
Бу йил Европанинг “энг нуфузли шахси” Полша “Фуқаролар коалицияси” раҳбари Доналд Туск бўлди. У 2007—2014-йилларда мамлакат бош вазири, 2014—2019-йилларда эса Европа кенгаши президенти бўлган.