Президент Сирдарёдаги мегалойиҳа ҳақида гапирди
Қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган ва қуввати 1,5 гига-ваттли ушбу станция 3 миллион хонадонни ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлайди.
Шавкат Мирзиёев Саудиянинг етакчи ACWA Power компанияси билан амалга оширилаётган лойиҳалар – Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ электр станцияси ҳақида гапирди.
"Мана шундай ҳаяжонли дақиқаларда ишга туширилаётган янги “Сирдарё” иссиқлик электр станцияси Ўзбекистон энергетика тармоғида ўзига хос эталон лойиҳа бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшади. Рекорд муддатларда, давлат кафолатисиз, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига энг замонавий ва энергия самарадор бўлган ана шундай йирик станция юқори сифатда қуриб битказилди", деди давлат раҳбари.
Унинг айтишича, қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган ва қуввати 1,5 гига-ваттли ушбу станция 3 миллион хонадонни ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлайди.
Шунингдек, ҳозирги вақтда Саудия билан қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард долларга етди, яна 11 миллиард долларлик янги истиқболли лойиҳалар келишиб олинди.
Айни пайтда ACWA Power компанияси иштирокида республиканинг стратегик тармоғи бўлган энергетика соҳасида 8 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Улар бизнинг 2030 йилгача 25 гига-ватт қайта тикланувчи энергия қувватларини яратишга қаратилган улуғвор мақсад ва режаларимизни тўлиқ амалга оширишга жуда катта ҳисса қўшади. Бу муҳим лойиҳалар энергетика тармоғини модернизация қилиб, 4,5 миллиард куб метр табиий газни тежашга, атмосферага салкам 3 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олдини олишга хизмат қилади", деди Шавкат Мирзиёев.