platina.uz

Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу – давлат сиёсати – Президент

Шавкат Мирзиёев энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича йиғилишда шу ҳақда гапирди.

Сиёсат
27 август, 20:56
Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу – давлат сиёсати – Президент

Шавкат Мирзиёев "Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу – давлат сиёсати", деди энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича йиғилишда.

Йиғилишда айрим ҳудудлардаги тажрибалар ҳақида маълумот берилди. Масалан, Фарғона политехника институти олимлари томонидан Фарғона туманидаги электр истеъмоли ўрганилди. 4,6 минг хонадон ва 233 та тадбиркорга хизмат қиладиган “Лоғон” подстанциясидаги йиллик йўқотиш 5 миллион киловатт соатни ташкил қилади. Бу – табиий йўқотиш учун белгиланган меъёрдан 1,5 баравар кўп.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур подстанциядан электр оладиган 113 та трансформатордаги юкламани тенг тақсимлаш орқали 765 минг киловатт соат йўқотишнинг олдини олиш мумкин. Энг муҳими, бунга харажат талаб қилинмайди. Туман электр корхонасида бошқарув тўғри йўлга қўйилса бўлди.

Ёки сув насосларига хизмат кўрсатувчи 44 та трансформаторга реактив қувват батареялари ўрнатилса, йўқотиш йилига 1,1 миллион киловатт соатга камаяди, харажат бир йилда ўзини оқлайди.

Умуман, Фарғона туманидаги 14 та подстанцияда 15,5 миллион киловатт соат ёки йилига ўртача 6 миллиард сўмлик ортиқча йўқотиш ҳисоб-китоб қилинган. Иш юқоридагидек омилкорлик билан ташкил қилинса, электрдан иқтисод қилиш режасини бажариш мумкин.

Мамлакат бўйича 1800 та шундай подстанция ва 100 мингга яқин трансформатор бор. Мутасаддиларга ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, энергияни тежаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда ҳозиргача 95 мингта хонадондаги эскирган “горелка” энергия тежамкорига алмаштирилгани ва иситиш тизими изоляция қилингани ҳисобига, йилига 145 миллион кубметр газ иқтисод бўляпти. Яна 16 минг эҳтиёжманд оилага маҳаллий бюджет ҳисобидан шундай печлар қўйиб бериш бошланган. Бу орқали 20 миллион кубметр газ иқтисод қилиниб, эҳтиёжманд аҳоли ихтиёрида 12 миллиард сўм қолади.

Шу тарзда, юртимиздаги 1 миллион хонадон иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш вазифаси қўйилди.

Масалан, Оҳангарондаги кафел ишлаб чиқарувчи корхона ўзидан чиққан иссиқликдан қайта фойдаланиш технологиясини жорий қилган. Лекин йирик истеъмолчиларнинг бор-йўғи 25 фоизида замонавий газ тежовчи ускуналар ўрнатилган.

Бундан ташқари, “Аму-Бухоро” каналига 100 мегаваттли қуёш станцияси ўрнатилди. Бунинг натижасида тармоқдан олинадиган энергия миқдори 30 фоизга ёки 200 миллион киловаттга қисқарди. Яна шунча қувват ишга туширилиши режалаштирилган.

Жами электр истеъмолининг 10-11 фоизи сув хўжалиги корхоналарига тўғри келгани боис келгуси уч йилда сув хўжалиги иншоотларида электр истеъмолини камида 25 фоизга қисқартириш вазифаси белгиланди.

Шу билан бирга, Олтиариқдаги тадбиркор 300 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, йилига 540 минг киловатт соат ёки 486 миллион сўмлик электрни ўзи ишлаб чиқаряпти.

Бу йил аҳолига 182 мегаватт, тадбиркорларга 791 мегаватт қувватли муқобил энергия ускуналари ўрнатиш режалаштирилган. Лекин айрим вилоятларда бу борадаги ишлар суст экани кўрсатиб ўтилди. Тегишли мутасаддилар қатъий огоҳлантирилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+